Россия Украинанинг 5 та қурол омборини йўқ қилди
Олам
−
01 Апрель 2022
10775Россия ҳарбийлари Украина Қуролли Кучларининг олтита объектини, шу жумладан бешта ўқ-дорилар омборини юқори аниқликдаги ҳаво қуроллари билан йўқ қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков маълум қилди.
"Украинанинг олтита ҳарбий объекти юқори аниқликдаги ҳаво қуроллари билан йўқ қилинди, жумладан Богуславский, Крестише, Резников, Великая Новоселкадаги бешта ўқ-дори, ракета ва артиллерия қуроллари омбори ҳамда битта ёқилғи-мойлаш омбори", дейди Конашенков.
Унинг қўшимча қилишича, Россия Аэрокосмик кучларининг ҳаво мудофааси ўтган кун ичида Украинанинг Ми-8 вертолёти ва саккизта учувчисиз учиш аппаратини уриб туширган.
“Россия Аэрокосмик кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳавода уриб туширилди: Любимовка посёлкасида битта Украина Ми-8 вертолёти ва Лисичанск, Донецк, Чернигов, Корсунь-Шевченковский, Новомихайловский ҳудудларида саккизта Украина учувчисиз учиш аппаратлари, шу жумладан Ваховкада битта Bayraktar TB2”, дейди Конашенков.
Унинг таъкидлашича, уруш бошлангандан бери Украинанинг жами 124 та самолёт ва 81 та вертолёт, 353 та учувчисиз учиш аппарати, 1 839 та танк ҳамда бошқа зирҳли жанговар машиналари, 202 та РСЗО, 773 та дала артиллерия ва миномётлари, шунингдек, 1 711 та махсус ҳарбий қисмларнинг транспорт воситалари вайрон қилинган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь