Россия Украинага қарши уруш учун Суриядан жангарилар олиб келди – NYT
Олам
−
01 Апрель 2022
15031Россия Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Суриядан ёлланма жангчиларнинг илк партиясини олиб келди. Улар ҳозирча тайёргарлик ўташ учун Россия ҳудудида бўлиб турибди, деб ёзмоқда “The New York Times” нашри.
Нашр маълумотига кўра, гуруҳ Сурия армияси дивизиясининг 300 нафар аскаридан иборат. Яна кўплари йўлда бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Негаки Сурия бўйлаб аскарликка ёлловчилар Сурия хавфсизлик хизматлари томонидан текширилиши ва кейин русларга топширилиши учун минглаб талабгорлар номзодлари рўйхатини тузмоқда.
“Сўнгги йилларда Сурия кўп йиллик уруш натижасида ёлланма жангчилар экспортчисига айланди. Мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатлар кўплаб эркакларга жанговар тажриба берди, лекин мамлакат иқтисодиётига шунчалик зарар етказдики, одамлар энди иш топишда қийналмоқда. Шунинг учун улар Ливия, Озарбайжон, Марказий Африка Республикаси ва ҳозирда Украинадаги урушларда ижарага олинган қурол сифатида ишлатилган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, баъзи сурияликлар Асадни қўллаб-қувватлагани учун Россияга нисбатан садоқат ҳис қилсалар, бошқалари шунчаки пул учун жангга киришади, яна бир гуруҳ ёлланма аскарлар тўғридан-тўғри жанговар бўлмаган ишларга (масалан, базалар ёки нефть иншоотларини қўриқлаш) жалб қилиниши ҳақидаги ваъдаларига ишонади.
Нашр манбасининг айтишича, Россия Украинага қарши урушга Суриядан 16 минг ёлланма аскарни жалб қилмоқчи. Жанг тажрибасига эга эркакларга устунлик берилади.
NYT’га кўра, Россияда бўлган 300 га яқин аскар Сурия армиясининг “Йўлбарс кучлари” деб номланувчи 25-дивизиясидандир. Улар элита саналади ва рус зобитлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Руслар уларга олти ой давомида ойига 1200 доллар, Сурияга қайтганларида эса 3000 доллар бонус таклиф қилишган.
Аввалроқ РФ Президенти Владимир Путин пуллик аскарлар ёллашга, хусусан, Яқин Шарқдаги урушга қўшилмоқчи бўлганларни уруш майдонларига етиб олишига ёрдам беришга розилик билдирганди.
Кейинроқ эса Россия ТИВнинг ўзи Украина урушда Яқин Шарқдан олиб келинган ИШИД террорчиларидан фойдаланаётганини даъво қилиб чиққанди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь