Россия Украина устидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини талаб қилди

Олам

image

Россия Запорожье атом электр станциясига Украина томонидан уюштирилган ҳужум ва юзага келиши мумкин бўлган ҳалокатли оқибатлар юзасидан эртага, 11 август куни брифинг ўтказишни сўради. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг ўринбосари Дмитрий Полянский маълум қилди. 

“Россия Хавфсизлик кенгашидан Запорожье АЭС ўққа тутилгани бўйича йиғилиш ўтказишни сўраган. Украина провокациялари кенг жамоатчиликдан яширилмаслиги керак”, дейди у. 

ТАСС нашрининг ёзишича, Россия бўлажак йиғилишда маърузачи сифатида МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гроссининг иштирок этишини сўраган.

Аввалроқ, УНИАН нашри 5 август куни рус босқинчилари Запорожье АЭСига тўрт марта ўқ узгани ҳақида маълумот берган эди. Шунингдек, Запорожье атом электр станцияси босқинчилар томонидан ўққа тутилганидан сўнг, Украина Президенти Владимир Зеленский давлатларни бутун Россия атом саноатига нисбатан қаттиқ санкциялар жорий этишга чақирган.

Маълумот ўрнида, Запорожье - Европадаги энг йирик АЭС бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Унинг қуввати тахминан 6 минг мегаваттни ташкил этади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг