Россия-Украина музокараларида иштирок этган дипломат отиб ўлдирилди – депутат

Олам

image

Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг Гомель вилоятида (Беларусь) ўтказилган биринчи раундида иштирок этган Украина делегациясининг аъзоси Денис Киреев отиб ўлдирилди. Бу ҳақда Украина Олий Радасининг IX чақириқ депутати, “Халқ хизматкори” партияси вакили Александр Дубинский ўзининг Telegram’даги саҳифасида маълум қилди.

“Киреев Украина хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, хиёнат қилганликда айбланган ва отиб ўлдирилган… Қандай қилиб босқинчилар билан музокаралар олиб бориш учун Украина делегациясига кирган билмайман. Мен ҳақиқатни Президент идорасидан билмоқчиман”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, музокараларнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 28 февраль куни Беларуснинг Гомель вилоятида бўлиб ўтди. Москва томонидан Президент ёрдамчиси Владимир Мединский, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко, Мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин, Давлат думасининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий, Россиянинг Беларусдаги элчиси Борис Гризлов иштирок этди.

Киевдан Киреевдан ташқари Мудофаа вазири Алексей Резников, “Халқ хизматчиси” фракцияси раҳбари Давид Арахамия, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Николай Точицкий, Президент девонининг бошлиғи маслаҳатчиси Михаил Подоляк, Олий Рада депутати Рустем Умеров, Уч томонлама алоқа гуруҳидаги Украина делегацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Андрей Костин иштирок этди.

Музокаралар салкам беш соат давом этди, шундан сўнг делегациялар учрашув натижаларини муҳокама қилиш учун пойтахтларга қайтди.

Музокараларнинг иккинчи босқичи 3 март куни бўлиб ўтди. Томонлар гуманитар йўлакларни яратишга келишиб олди. 

Россия Федераль Мажлисининг Давлат Думаси халқаро ишлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкийнинг сўзларига кўра, яқин кунларда Украина билан музокараларнинг учинчи босқичи бўлиб ўтади.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

220

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг