Россия тонгда Украинанинг қатор шаҳарларига ракета билан зарба берди
Олам
−
25 Июнь 2022
18205Бугун, 25 июнь куни Россия ҳарбийлари Украинанинг бир нечта шаҳарларига ҳаво, ер ва денгиздан ҳужум қилди. Айни вақтда Житомир, Львов, Чернигов вилоятларига зарба берилгани аниқ.
UNIAN'нинг хабар беришича, Днепропетровск вилоятига артиллериядан зарба берилган, Хмелницкий вилоятига учирилган ракета ҳавода зарарсизлантирилган.
Житомир вилоятига ракета зарбаси
Нашрнинг ёзишича, Беларусь ҳудудидан Житомир вилоятига 24 та ракета учирилган. Житомир мэри Сергей Сухомлиннинг сўзларига кўра, шаҳар ва унинг атрофидаги ҳарбий объектлар ўққа тутилган.
Бир ҳарбий ҳалок бўлган, яна бири жароҳатланган. Тинч аҳоли орасидаги жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
“Беларускі Гаюн” хабарига кўра, рус учувчилари ҳийла қилишган: улар Украина кучлари зарба бера олмаслиги учун Беларусь-Украина чегарасида самолётлардан зарба берган.
Чернигов вилоятига зарба
Шанба куни эрталаб соат 5:00 атрофида рус ҳарбийлари Чернигов вилоятининг Десна ҳарбий посёлкасига ҳаводан ва ердан ракета ҳужумларини бошлаган. Ҳаммаси бўлиб Беларусь ҳудудидан 20 та ракета учирилган.
Ҳужумда инфратузилма объектлари зарар кўрган. Ҳозирча қурбонлар йўқлиги айтилмоқда.
Львов вилоятида портлашлар
Россия қўшинлари Львов вилоятининг Яворов туманидаги ҳарбий объектга Қора денгиздан олтита ракета учирган, иккитаси уриб туширилган.
Ракета ҳужуми натижасида тўрт киши тан жароҳати олган – бир киши ўртача, уч нафари енгил тан жароҳати.
Хмелницкий вилоятига ракета ҳужуми
25 июнь куни эрталаб ҳаво ҳужуми пайтида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари иккита ракетани уриб туширди, дея маълум қилган Хмелницкий вилоят ҳарбий округи раҳбари Сергей Гамал.
Ракеталардан бирининг парчалари Каменец-Подольск вилоятидаги ўрмонда қулаган. Ярадорлар йўқ.
Иккинчисининг бўлаклари Хмелницкий вилоятидаги жамоалардан биридаги боғга тушган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар йўқлиги айтилмоқда.
Днепропетровск вилоятини ўққа тутиш
Рус қўшинлари Кривой Рог туманини ҳам яна артиллериядан ўққа тутган. Шахсий ҳудуд ўққа тутилди; қурбонлар орасида 60 ёшли аёл ҳам бор.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси