Россия Путинга қарши санкциялар учун Австралия ва Янги Зеландияга жавоб қайтарди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия Австралия ва Янги Зеландия парламентлари депутатлари, шунингдек, ушбу мамлакатлар раҳбарияти вакилларига нисбатан санкциялар киритди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

“Коллектив Ғарб” йўналишига итоаткорлик билан эргашиб, Канберра ўйламасдан русофобик иштиёқда Россия Федерациясининг юқори раҳбарлари ва деярли барча депутатларга таъсир кўрсатадиган санкцияларни киритди. Бунга жавобан, 7 апрелдан бошлаб Россияга кириши тақиқланган шахсларнинг рўйхатига Австралия Миллий хавфсизлик қўмитаси, Вакиллар палатаси, Сенат ва минтақавий қонунчилик ассамблеялари аъзолари киритилди”, дейилади Россия ТИВ хабарида.

Санкциялар рўйхатига 228 нафар Австралия фуқароси, жумладан, Бош вазир ва ҳукумат аъзолари киритилган.

Янги Зеландиядан 130 киши, жумладан, генерал-губернатор ва Бош вазир ҳам санкция рўйхатига киритилган.

“Ушбу қадам АҚШ ва унинг йўлдошлари томонидан Россияни жиловлаш бўйича бошланган кампанияга қўшилган Янги Зеландия Вазирлар Маҳкамасининг нодўстона ҳаракатларига жавобан қўйилди. Веллингтоннинг ўз манфаатларини ва умумэътироф этилган одоб-ахлоқни унутиб, русофобик йўналишни давом эттиришга тайёрлиги яна бир бор унинг ташқи сиёсати мустақил эмаслиги ва “коллектив Ғарб” раҳбарларига нисбатан хизматкорлигидан далолат беради”, деган Россия ТИВ Янги Зеландия фуқароларига нисбатан қўлланилган санкциялар тўғрисида.

Эслатиб ўтамиз, Австралия ва Янги Зеландия Россия Украинага қарши ҳарбий ҳужум бошлагач, Ғарб давлатлари билан Москвага қарши санкциялар жорий қилганди. Океаниянинг ушбу икки давлати РФ Президенти Владимир Путинни ҳам "қора рўйхат"га киритган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг