Россия “Калибр”лар билан Украина армияси учун муҳим базани йўқ қилди
Олам
−
25 Март 2022
19498Россия Қуролли Кучларининг “Калибр” қанотли ракеталари Киев яқинидаги Калиновка қишлоғидаги ёнилғи базасини йўқ қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков маълум қилган.
“24 март куни кечқурун “Калибр” юқори аниқликдаги денгиз қанотли ракеталари Киев яқинида жойлашган Калиновка қишлоғидаги ёқилғи базасига ҳужум қилди. Украина Қуролли Кучларининг мамлакат марказидаги ҳарбий қисмларини ёнилғи билан таъминлайдиган энг катта база йўқ қилинди”, дейди Конашенков.
Унинг қўшимча қилишича, Россия Қуролли Кучлари самолётлари бир кечада Украинанинг 51 та ҳарбий объектига, жумладан, Днепропетровск вилоятидаги иккита Бук-М1 ҳаво мудофаа тизими ва С-300 радарига зарба берган.
“Кечаси оператив-тактик ва армия авиацияси Украинанинг 51 та ҳарбий объектига зарба берди. Улар орасида иккита қўмондонлик пункти, бир нечта ракета тизимларининг учта мосламаси, иккита Бук-М1 зенит-ракета мажмуаси ва Днепропетровск вилоятидаги битта С-300 ёритгич ва йўналтирувчи радар, шунингдек учта Д-30 артиллерия қуроллари, ракета-артиллерия қуроллари ва ўқ-дорилар сақланадиган иккита ракета омбори, 26 та ҳарбий техника тўпланган ҳудуд бор”, дейди Мудофаа вазирлиги вакили.
Конашенковнинг сўзларига кўра, махсус ҳарбий операция бошлангандан буён қуйидагилар йўқ қилинган: 261 та учувчисиз учиш аппарати, 204 та зенит-ракета комплекси, 1 587 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техника, 163 та кўп ракета мосламаси, 636 та дала артиллерияси ва миномётлари, шунингдек 1 397 дона махсус ҳарбий техника.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси