Россия асосий кучларини бешта шаҳарни эгаллашга қаратди – Украина
Олам
−
07 Март 2022
16801Россия ҳарбийлари Украинага қарши ҳужум операциясини давом эттириб, асосий кучларни Киев, Харьков, Чернигов, Суми ва Николаев шаҳарларини қамал қилишга қаратмоқда, шуниндек Киевга ҳужум қилиш учун ресурсларни тўплашга ўтди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош штаби маълум қилди.
“Душман Украинага қарши ҳужум операциясини давом эттириб, асосий саъй-ҳаракатларини Киев, Харьков, Чернигов, Суми ва Николаев шаҳарларини ўраб олишга, Луганск ва Донецк вилоятларидаги маъмурий чегараларга етиб боришга, Қримнинг ТОТ АР ҳудудидан Мариуполь - Новоазовск йўналишида қуруқлик йўлагини яратишга қаратмоқда. Босқинчилар ўн бир кунлик ҳарбий ҳаракатлар давомида якуний мақсадга эриша олмадилар. Душман гуруҳлари Киевга ҳужум қилиш учун ресурс тўплашга ўтди”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, рус қўшинлари Полесский, Северск, Донецк ва Таврид йўналишларида ҳужумга тайёргарлик кўришдан ҳам воз кечмаяпти.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь