QALAMPIR.UZ’га босим қилган прокуратура ходими “одоб дарси” билан қутулмади
Жамият
−
17 Сентябрь 2021
14789QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари – Бош муҳаррир ўринбосари Феруза Нажмиддинова, тасвирчи Хўжамиёр Холмуродов, юрист Шоҳруҳ Олимжоновнинг журналистик фаолиятига қаршилик қилиб, уларга босим ўтказган Юнусобод туман прокуратураси ходими шунчаки “одоб дарси” билан қутулиб қолмади. Унга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 6 сентябрь куни QALAMPIR.UZ жамоаси Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 2-мавзеда қурилиши якунланмаган 14 та бино прокуратура ва ички ишлар ходимлари иштирокида бузиб ташланаётгани ҳақидаги мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказиш учун воқеа жойига етиб боради. Улар QALAMPIR.UZ ходими эканини тасдиқловчи ҳужжат билан “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган тартиблардан четга чиқмаган ҳолда, журналистик фаолиятини амалга оширишга киришади.
Шу вақтда журналист Ф.Нажмиддинова ва тасвирчи Х.Холмуродовнинг журналистик фаолиятига Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизов томонидан тўсқинлик қилинади. Азизов ёнидаги ички ишлар посбонларига ОАВ ходимлари тартибсизлик келтириб чиқараётганини айтиб, уларни Ички ишлар бўлимига олиб боришларини буюради. Бунинг учун махсус автобус ҳам чақиртирилади. Шунингдек, QALAMPIR.UZ ходимларидан тасвирга олмаслик талаб қилинади. Шахсан У.Азизов QALAMPIR.UZ тасвирчиси Х.Холмуродовни ёнига чақириб, тасвирларни ўчириб юборишини ва воқеа жойидан кетишини талаб қилади.
Прокуратура ходими видеоларни ўчириш, акс ҳолда журналистни ва унга ҳамроҳлик қилаётган QALAMPIR.UZ ходимларини Ички ишлар бўлимига олиб бориш ва керакли жойда гаплашиш билан таҳдид қилган.
11.06.2021 йилда Бош прокуратура ҳолат юзасидан биринчи баёнотини берди. Унда қайд этилишича, Умид Азизов прокуратура органлари тизимида 2019 йилдан, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Юнусобод тумани прокурори сектори котиби вазифасида 2020 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
Бош прокуратуранинг тасдиқлашича, 2-сектор котиби У.Азизов томонидан QALAMPIR.UZ интернет нашри тасвирчисига олинган видеоларни ўчириб кетишини айтиб, журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлиги аниқланган.
“Текшириш натижасига кўра, У.Азизов билан Тошкент шаҳар прокурори ҳузурида профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчиликка ҳамда прокуратура органлари ходимларининг “Касб одобномаси”га қатъий риоя қилиш, акс ҳолда интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди”, дейилган расмий баёнотда.
Бироқ, Бош прокуратура баёноти QALAMPIR.UZ’да эътироз келтириб чиқарди ва таҳририят ҳам баёнот берди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати QALAMPIR.UZ ходимлари билан юз берган ҳолат юзасидан муносабат билдириб, юқори палата ахборот майдонида қонуний фаолият олиб бораётган журналистлар ва блогерлар, барча ОАВ вакилларини доимий қўллаб-қувватлашини билдирган.
Кўп ўтмай “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳам ҳолат бўйича муносабатини эълон қилди. Унда журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарурлиги таъкидлаганди.
Ҳолбуки, QALAMPIR.UZ баёнотида содир бўлган ҳолат Жиноят кодексининг 206-моддаси – Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш билан малакаланиши ва У.Азизов жавобгарликка тортилиши мумкинлиги таъкидланганди. Аммо, бундай бўлмади.
LiveБарчаси