Сенат прокуратура ходимининг QALAMPIR.UZ журналистига таҳдид қилганига муносабат билдирди
Жамият
−
11 Сентябрь 2021
11979Аввалроқ, QALAMPIR.UZ журналисти ва тасвирчиси Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 2-мавзесидаги дўконлар биноси ноқонуний равишда бузилаётгани бўйича фуқаролар мурожаати асосида фаолият олиб бориш чоғида Юнусобод тумани прокурори сектори котиби Улуғбек Азизов қаршилигига учраб, ОАВ ходимларига тўсқинлик қилингани, кемара хотирасидаги кадрлар ўчириб ташланиши талаб қилингани, агар ўчирилмаса ички ишлар бўлимига олиб бориш билан таҳдид қилингани, мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилгани ва ушбу воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлгани тасдиқлангани, бироқ Азизов узр билан қутилиб қолгани ҳақида расмий баёнот эълон қилган эдик. Мазкур ҳолатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати муносабат билдирди.
“Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги – демократиянинг қон айланиш тизимидир, усиз бу тушунчалар фаолият кўрсата олмайди.
Биламизки, бугун юртимизда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳоли мурожаатларини кенг оммага олиб чиқишда республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёсдир.
Маълумки, жорий йилнинг 7 сентябрь куни QALAMPIR.UZ веб-сайти жамоаси томонидан Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 2-мавзеда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаатини ўрганиш мақсадида борилган вақтда, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлариинг таҳдидга учрашганини маълум қилиб “Тошкентда яна “снос”. Буни ёритишга борган журналист прокуратура ва ички ишлар ходимлари таҳдидига учради” мавзусида материал эълон қилинган эди.
Орадан, бир неча кун ўтиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан расмий муносабат билдирилиб, Юнусобод тумани 2-сектор котиби ҳақиқатан ҳам QALAMPIR.UZ интернет нашри тасвирчисига олинган видеоларни ўчиришни айтиб, журналистик фаолиятга тўсқинлик қилгани ўз тасдиғини топгани маълум қилинди.
Албатта, ОАВда ёритилган маълумот ҳуқуқуни муҳофаза қилувчи органлар томонидан очиқ тан олиниши, юртимизда жамоатчилик назорати шаклланиб, қонун нормалари устувор бўлган демократик эркин фуқаролик жамият ривожланаётганидан далолат, десак адашмаган бўламиз”, дейилади муносабатда.
QALAMPIR.UZ расмий баёнотида Улуғбек Азизов хатти-ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 206-моддаси – Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш билан малакаланиши ва У.Азизов жавобгарликка тортилиши мумкинлиги, бироқ бундай бўлмагани айтилганди.
Сенат муносабатида барча ОАВ вакиллари қўллаб-қувватланиши айтилган.
“Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот майдонида қонуний фаолият олиб бораётган журналистлар ва блогерлар, барча ОАВ вакилларини доимий қўллаб-қувватлайди.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади”, деган сўзлари барча ОАВ вакилларига хизмат вазифаларини бажаришда катта рағбат беради”, дейилади Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси муносабатида.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь