БП Юнусобод прокуратураси ходими QALAMPIR.UZ журналисти фаолиятига тўсқинлик қилганини тасдиқлади
Жамият
−
11 Сентябрь 2021
15243QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова, тасвирчи Хўжамиёр Холмуродовга таҳдид қилган Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизовга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий баёнот берди.
Гап шундаки, жорий ҳафтада QALAMPIR.UZ Юнусобод туманида бузилаётган 14 та дўкон эгаларидан тушган мурожаатга кўра, ушбу мавзуни ёритиш учун воқеа жойига етиб борган эди. Бироқ, бу ерда ўз хизмат фаолиятини олиб бориш жараёнида журналист Феруза Нажмиддинова ва тасвирчи Хўжамиёр Холмуродов прокуратура ходимининг тўсқинлигига учраган. Умид Азизовнинг ноқонуний буйруғи билан Ички ишлар ходимларига тасвирчи Хўжамиёр Холмуродовнинг ортидан қувлашгача боришган. Улар тасвирчидан камера хотирасидаги кадрларни ўчириб ташлашни талаб қилган.
Бош прокуратуранинг қайд этишича, QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган "QALAMPIR.UZ журналистига прокуратура ва ички ишлар ходимлари томонидан таҳдид қилинди" номли видеохабарда кўрсатилган ҳолатлар ўрганиб чиқилган.
“Аниқланишича, видеоёзувда қайд қилинган ходим Умид Азизов прокуратура органлари тизимида 2019 йилдан, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Юнусобод тумани прокурори сектори котиби вазифасида 2020 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
"Обод маҳалла" давлат дастури доирасида ноқонуний қурилма ва ўрамаларни буздириш мақсадида жорий йилнинг 6 сентябрь куни туман ҳокимлиги, прокуратура, ИИБ ва бошқа масъул ташкилотлар ходимлари томонидан Юнусобод тумани, 2-мавзе, 7-уй олди қисмидаги ноқонуний қурилмаларни бузиш ишлари амалга ошириш бошланган.
“QALAMPIR.UZ” интернет нашри мухбири ва тасвирчиси келиб, жараён тасвирга олинган ва масъуллардан тушунтириш сўралган”.
Бош прокуратура томонидан аниқланишича, Юнусобод тумани 2-сектор котиби Азизов ҳақиқатан ҳам “QALAMPIR.UZ” интернет нашри тасвирчисига олинган видеоларни ўчириб кетишини айтиб, журналистик фаолиятга тўсқинлик қилган.
Текшириш натижасига кўра, У.Азизов билан Тошкент шаҳар прокурори ҳузурида профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчиликка ҳамда прокуратура органлари ходимларининг “Касб одобномаси”га қатъий риоя қилиш, акс ҳолда интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда.
Бундан ташқари, 10 сентябрь куни Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов бошчилигида шаҳарнинг барча ходимлар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, қонунларга оғишмай риоя қилиш, шунингдек, фаолиятда очиқлик ва холисликни таъминлаш мақсадида ОАВ вакиллари билан самарали ҳамкорлик амалга ошириш лозимлиги тушунтирилган.
Воқеа жойида нафақат прокуратура ходимлари, балки Азизовнинг ноқонуний буйруғини бажаришга “честь” бериб, шай турган, ҳатто, тасвирчини қувлашдан тоймаган, толмаган ички ишлар ходимлари ҳам бўлган. Бироқ, ИИВ бу борада ҳамон сукут сақламоқда. Охир-оқибат ИИВ Матбуот котиби Ғиёсов QALAMPIR.UZ журналисти ва тасвирчисини ҳам “Худо урган”га чиқармаса бўлгани.
Дарвоқе, Юнусобод туманида ноқонуний қурилма дея суд қарорисиз "снос" ўтказилаётгани хусусида тегишли ташкилотлар миқ этмаяпти. Юнусобод туман ҳокимлиги, уйғонинглар! Туманда шунча ишлар бўляпти, ахир. Бош прокуратура ҳам ноқонуний қурилмалар, ноқонуний равишда, суд қарорисиз бузилаётганига эътибор қаратмаган. Биз булар бўйича жавоб кутамиз.
LiveБарчаси