Тошкентда яна “снос”. Буни ёритишга борган журналист прокуратура ва ички ишлар ходимлари таҳдидига учради
Жамият
−
08 Сентябрь 2021
18119QALAMPIR.UZ’га Юнусобод тумани 2-мавзеда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ тадбиркорлардан мурожаат келиб тушди. Улар ўзига тегишли дўконлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ноқонуний қурилма сифатида бузиб ташланаётгани, бироқ ноқонуний қурилма экани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат, суд қарори йўқлигидан шикоят қилди.
Мурожаат келиб тушган илк соатлардаёқ QALAMPIR.UZ жамоаси – журналист Феруза Нажмиддинова ва юрист-консультант Шоҳруҳ Олимжонов, оператор Хўжамиёр Холматов воқеа жойига етиб борди.
QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси ҳудудда ҳақиқатан ҳам тадбиркорлар томонидан қурилаётган 14 та дўкон суд қарорисиз бузилаётганига гувоҳ бўлди.
Янги Ўзбекистонда тадбиркорларга имконият эшиклари очилаётгани ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев бот-бот такрорланаётган бир пайтда, Ҳокимият ва Прокуратура ўртасида сарсон бўлаётган ҳам тадбиркорлар бўлмоқда.
Маълум бўлишича, тадбиркор дўкон қуриш учун Юнусобод туман ҳокимлигига мурожаат қилган, Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари Шуҳрат Қўчқоров имзоси билан, енгил конструкцияли дўкон қурилишига эътироз йўқлиги ҳақида жавоб хати келган. Кейинчалик, “Max Desigm House” МЧЖ томонидан ҳоким ўринбосарига дўкон лойиҳаси ҳам тақдим этилган. Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари оғзаки тарзда дўконларни қуришга рухсат берган.
Тадбиркорнинг айтишига қараганда, бундан бир ой аввал Юнусобод туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов қурилиш майдонига келиб “Max Disegm House” МЧЖ томонидан қурилаётган дўконларни кўздан кечирган. Юнусобод ҳокими қурилган дўконларни бузиш кераклиги, акс ҳолда ўзи буздириши ҳақида оғзаки огоҳлантирган. Тадбиркор қурилиш учун рухсат борлиги, ҳоким ўринбосари Шуҳрат Қўчқоров томонидан эътироз бўлмаганини айтганидан сўнг, бузиш ҳақидаги гаплар тўхтаган, аммо масала буткул ҳал бўлмаган.
“Max Disegm House” МЧЖ дўконларининг орқа томонида кўп қаватли уй бор ва у ерда яшайдиган фуқаролар билан йиғилиш ўтказиб, далолатнома тузиб, ҳаммани розилиги билан ишланди.
6 сентябрь куни прокуратура ходимлари келиб, ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмай туриб бузишни бошлади. Кўриб турганинглардек, дўкон томларини очиб ташлашяпти. Лекин дўконни нима учун бузишаётгани ҳақида тушунтириш ёки суд қарорини тақдим этишмади.
Ҳокимият билан дўконларни қуриш давомида ҳудуд атрофида болалар ўйингоҳи қуриш, дўконнинг орқа томонидан асфальт қилиб ўриндиқлар ўрнатиш ҳақида айтилганди ва биз ҳаммасини бажариб, атрофни ободонлаштирдик”, дейди тадбиркор Қудрат Шаҳакимов.
Дўконларни қуриш май ойида бошланган. 4 ой давомида ҳеч қандай эътироз қилмасдан, тадбиркор анча-мунча маблағ сарфлаб, ҳокимият ободонлаштириши керак бўлган жойларни чўнтагидан таъмирлатиб бўлиб, дўкон кўзга кўриниб қолгандан сўнг, буздириш қайси қонунларга тўғри келади? Дўкон ноқонуний қурилди ҳам дейлик, нима учун ноқонуний бузилмоқда? Прокуратура ходимларида ноқонуний қурилишни буздиришга ваколат борми?
Бузилишда бош-қош бўлаётган, ўзини таништиришни истамаган 2-сектор котиби Умид исмли шахс, тадбиркорлар ноқонуний дўкон қурганини айтди, холос. Нима учун суд қарорисиз буздиряпсиз, деган саволимизга эса керакли жойда гаплашиб олиш билан таҳдид қилди. Aтрофда аҳоли вакиллари, тадбиркорлар йиғилиб норози бўлганларини кўриб, рация орқали автобус юборишни ва керак бўлса журналистларни ҳам ортиб Ички ишлар бўлимига олиб боришини айтди.
“Дўкон учун уйимни, машинамни сотдим. Бетон қуяётганимизда ҳокимиятдан келиб болалар майдончаси қуриб бермасак, бузиб ташлашларини айтишди. Ҳўп, деб чўнтагимиздан ўйингоҳ ҳам қурдик. Шу билан тинчиб кетишди. Дўконнинг устки қисмини ёпаётган вақтимизда яна келиб, ўртадан йўл қолдириш кераклигини айтишди. Ҳўп, деб уни ҳам қилдик. Дўконлар битиб, кўкрагимизга шамол тегай деганда, келиб бузишни бошлашди. Мен 20 жонни боқаман. Мен, акам, хотиним ногирон. Ҳаммани мен боқаман. Шунча дўкон қурилгунча қаерда эди булар?!Нега индашмади? Ҳақиқат борми? Дўконни қураётганда эътироз билдиришмади. Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз келиб бузишяпти. Келишганда, қани ордер, нега бузяпсизлар, деганимизда, мен ордерман, погоним ордер, деб айтишди. Ким у погонига ишонаётган?! Ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмади. Ҳамма ҳужжатларимиз жойида. Кадастр ҳужжатларини ҳам олишимиз керак эди. Фарзандларим келади, шу ерда ўтиришади, ўзимни ўлдираман, болларимни оиламни боқади”, дейди тадбиркор Толмас Эшонқулов
Воқеа жойида на ҳокимият вакили, на прокуратура ходими изоҳ беришни хоҳламади. Ижодий гуруҳимиз билан бирга Юнусобод тумани ҳокимиятига ва прокуратурасига бордик. Юнусобод туман ҳокими ёрдамчиси ҳоким Жаҳонгир Иброҳимов сайёр қабулда экани ва 2-мавзедаги дўконлар бузилишидан бехабар экани ҳақида билдирди.
Юнусобод туман прокуратурасидан эса Камола исмли ходим бу вазиятда прокуратура ходими ҳақ экани, ноқонуний бузилишлар вақтида прокуратура ходимлари бу жараёнларда қатнашишлари мумкинлигини айтди.
Ҳокимият ва прокуратурадан тайинли жавоб ололмагач, воқеа жойига қайтиб келдик. QALAMPIR.UZ тасвирчиси Хўжамиёр Холмуродов ўз ишига киришди. Прокуратура ходими тасвирчини кўриб, Ички ишлар ходимларига “Олиб кел”, деб буйруқ берди ва Ички ишлар ходимлари операторни қувлаб, автомашина олдигача келишди. Эшикни очиб, тезда машинадан тушишни буюришди.
ОAВ ходимлари маълумот олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга экани, журналист дахлсизлиги масаласи борлигини айтишимизга қарамай, машинадан тушишини талаб қилиб, улар буйруқни бажараётганини айтишди.
“QALAMPIR.UZ жамоаси машинадан тушганидан сўнг, Юнусобод тумани 2-сектор котиби Умид исмли шахс Ички ишлар ходимларига журналист ва бошқа ходимларни хизмат машинасига ўтказиш, барча ишни “Гом”да ҳал қилишни буюрди. Биз эса бормаслигимиз ва қилаётган ишларииз қонун доирасида амалга оширилаётгани ҳақида айтдик. Мен билан суҳбатлашган 2-сектор котиби Умид исмли шахс керакли жойда гаплашиб олиш билан таҳдид ҳам қилди. Прокуратура ходими тасвирчини чақириб, видеоларни ўчиришни айтди”, дейди юрист-консультан Шоҳруҳ Олимжонов
Прокуратура ходими мурожаат асосида воқеани ўрганган журналистдан видеони ўчиришни талаб қилса, атрофда одам йиғиляпти, деб ОАВ ходимларини Ички ишлар бўлимига олиб боришга уринишса, қани сиз-у биз жар солаётган эркинлик?
Бир нарсани такрор айтиш мумкин, тадбиркор кимнингдир гапига ишониб ноқонуний дўкон қургандир. Лекин прокуратура ходими нега ноқонуний бузяпти? Бузишни бошларкан, нега фуқаролар ҳуқуқи ва мажбуриятлари уларга тушунтирилмаяпти?
Вазиятга ҳуқуқий томондан ёндошсак: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 212-моддасига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сонли билан тасдиқланган “Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш:
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокимининг қарори мавжудлигини;
- уй-жой қуриши учун туман қурилиш бўлими билан келишилган якка тартибда ишлаб чиқилган лойиҳанинг мавжудлигини;
- шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилганлигини текшириш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, ноқонуний қурилмани бузиш чораларини кўриш ҳақида МЧЖга ҳокимият томониданогоҳлантириш хати юборилиши лозим.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 467-сонли Қарорнинг 11-бандига кўра, ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахс ўн беш кун муддат ичида уни ўз ҳисобидан бартараф этиши шарт.
Жумладан, ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахс томонидан иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида судга даъво берилган тақдирда даъво берилган кундан бошлаб суднинг якуний қарори қабул қилинишига қадар ушбу иморатни бартараф этилиши вақтинча тўхтатиб турилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь