Путин Зеленскийнинг музокара ўтказиш таклифини қабул қилди. Учрашув жойи ҳам аниқ
Олам
−
25 Февраль 2022
29821Россия ўз делегациясини Украина билан музокаралар учун Минскка жўнатишга тайёр. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Маълумки, бугун Украина Президенти Зеленский Украинанинг нейтрал мақомини муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди. Аввалига Россия Президенти Владимир Путин операциядан мақсад ЛХР ва ДХРга ёрдам бериш, шу жумладан, демилитаризация ва деназолификация қилиш эканлигини айтди. Бу эса, аслида, бетарафлик мақомининг ажралмас қисмидир”, деган Песков.
Матбуот котибига кўра, Путин музокаралар учун Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари президент маъмурияти вакилларидан иборат делегациясини Минскка юборишга тайёр.
“Шу нуқтаи назардан, Зеленскийнинг таклифига жавобан Владимир Путин Украина делегацияси билан музокаралар ўтказиш учун Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва президент маъмурияти вакиллари даражасида Россия делегациясини Минскка юборишга тайёр”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Зеленский Путин билан музокараларга тайёрлигини ва исталган жойда у билан учрашишга тайёрлигини маълум қилганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси