Путин ва Зеленский Туркияга боради
Олам
−
31 Май 2023
19259Россия Президенти Владимир Путин ва Украина раҳбари Владимир Зеленский Туркиянинг учинчи муддатга сайланган Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг инаугурация маросимидан сўнг бирин-кетин Анқарага ташриф буюради. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Турк нашрлари берган хабарларда айтилишича, Россия ва Украина Президентлари Эрдўған билан дон йўлаги масаласини муҳокама қилади. Туркиянинг “Hurriyet” газетаси журналисти Ҳанде Фират кеча, 30 май куни “CNN Turk” телеканалига берган интервьюсида Россия Президенти Владимир Путин Эрдўғаннинг инаугурациясидан кейин Туркияга алоҳида махсус ташриф билан боришини ва ундан кейин Зеленский ҳам Туркияга сафар қилишини маълум қилган. Бироқ мазкур ташрифлар қачон амалга оширилишини аниқ айтмаган.
Эрдўған билан учрашув ҳақидаги саволга жавобан, 29 май куни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу учрашув қандайдир шаклда албатта бўлишини, бироқ унинг аниқ вақти ҳозирча белгиланмаганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўғаннинг инаугурация маросими 3 июнь куни ўтказилиши мумкинлиги ва маросимга ташриф буюрувчи хорижий меҳмонлар рўйхати тузилаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, Туркия етакчиси ўзининг ғалабасини хорижий давлатлар раҳбарлари билан нишонламоқчи экани айтилганди. Бундан аввал, жорий йилнинг бошида Ражаб Тойиб Эрдўған Путинга қўнғироқ қилиб, у билан Украина уруши, дон йўлаги, Туркияда газ хаби яратиш каби масалаларни муҳокама қилган, ундан сўнг Зеленскийга “сим қоқиб”, у билан ҳам Россия-Украина уруши юзасидан суҳбатлашиб, ўзини тинчлик музокараларида воситачи бўлишга таклиф қилган.
LiveБарчаси