Путин украинларнинг Мариуполдаги сўнгги қўноғига ҳужумни тўхтатишни буюрди

Олам

image

Мариуполдаги украин аскарлари сақланган “Азовсталь” саноат зонасига уюштирилган ҳужум ўринсиз. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувда таъкидлади ва уни бекор қилишни буюрди. 

“Мен саноат зонасига ҳужумни номақбул деб ҳисоблайман. Уни бекор қилишни буюраман”, деган Путин. 

Путин ўз буйруғини россиялик ҳарбийлар ҳаётини сақлаб қолиш билан изоҳлаган. 

“Бу ерда аскар ва офицерларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Бу саноат ҳудудини пашша ҳам учиб ўтолмайдиган қилиб ёпинг”, деб буюрган у. 

Путин, шунингдек, Шойгуга ҳали қуролини қўймаган барчага яна бир бор буни таклиф қилишни буюрган. 

“Россия томони тегишли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ уларнинг ҳаёти ва муносиб даволанишини кафолатлайди. Жабрланганларнинг барчасига малакали тиббий ёрдам кўрсатилади”, деган Президент. 

Шойгу эса Путинга бутун Мариуполь назорат остида эканлиги ҳақида хабар берган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 апрель куни тан олинмаган Донецк Халқ Республикаси (ДХР) халқ милициясининг ҳарбий гуруҳлари Мариуполдаги “Азовсталь” заводи ҳудудига қисман бостириб киришни бошлаганди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг