Путин Россиянинг Украина бўйича кутилмаган позициясини очиқлади

Олам

image

Россия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига мутлақо қарши эмас. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путин бугун, 17 июнь куни бўлиб ўтган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумидаги чиқиши чоғида маълум қилди.

“Европа Иттифоқи НАТОдан фарқли ўлароқ, ҳарбий ташкилот ёки сиёсий блок эмас. Шунинг учун бизда бунга (Украинанинг ЕИга қўшилишига – таҳр.) қарши ҳеч нарса йўқ. Ҳар қандай давлатнинг Иқтисодий бирлашмаларга аъзо бўлиши ёки бўлмаслиги ўзининг суверен қароридир”, дея таъкидлади Путин.

Унинг таъкидлашича, ЕИ давлатларининг ўзлари бу улар учун қанчалик мос эканини аниқлаши керак.

“Бу Украинага фойда ёки зарар келтирадими, бу ҳам уларнинг иши, бугунги Украина халқи ҳамда Украина раҳбариятининг иши. Аммо Украина иқтисодиётининг тузилиши шундайки, у жуда катта субсидияларни талаб қилади. Агар ички бозор ҳимояланмаса, Украина ярим мустамлакага айланади, назаримда”, дея қўшимча қилди у.

Путиннинг сўзларига кўра, Украина жорий харажатлар учун сезиларли даражада қўллаб-қувватланади, бироқ “бу йўқолган самолётсозлик саноати, кемасозлик, электроника саноати ва бошқа муҳим тармоқларнинг тикланишига олиб келиши даргумон”. Европаликлар эса ўзларига рақобатчи яратмайди.

“Бу бизнинг ишимиз эмас, бунга ҳеч қачон қарши бўлмаганмиз. Аммо Украина ҳудудини ҳарбий жиҳатдан ривожлантиришга доим қарши бўлганмиз, чунки бу бизнинг хавфсизлигимизга таҳдид солади”, дейди Путин.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 17 июнь куни тонгда Еврокомиссия Украинага ЕИ аъзолигига номзод давлат мақомини беришни тавсия қилган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг