Путин глобал инфляция айбдорларини айтди
Олам
−
06 Июнь 2022
13797Ғарбнинг иқтисодий сиёсатдаги санкциялари ва кўп йиллик хатолари глобал инфляция, қашшоқликнинг ўсиши ва озиқ-овқат тақчиллигига олиб келди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путиннинг ХХV Петербург халқаро иқтисодий форуми иштирокчиларига йўллаган мурожаатида айтилади.
“Ғарб мамлакатларининг иқтисодий сиёсатдаги кўп йиллик хатолари ва ноқонуний санкциялари глобал инфляция тўлқини, одатий логистика ва ишлаб чиқариш занжирларининг барбод бўлиши, қашшоқликнинг кескин ўсиши ҳамда озиқ-овқат тақчиллигига олиб келди”, деган Путин мурожаатида.
Россия етакчисининг фикрига кўра, 2020 йиллар Россия учун иқтисодий суверенитетни мустаҳкамлаш даври бўлади. Хусусан, мамлакат ўзининг инфратузилмавий ва технологик базасини жадал ривожлантиради, мутахассисларни тайёрлаш даражасини оширади ва мустақил молия тизимини шакллантиради.
Маълумот учун, Ғарб давлатларининг сиёсатчилари Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти дунёда инфляцияни келтириб чиқаргани ва Украинада дон экспорти тўсиб қўйилгани сабабли глобал очарчилик юзага келишини бир неча бор таъкидлаган.
Россия Президенти Украина буғдойининг 20 миллион тоннаси яъни дунёдаги умумий дон ишлаб чиқаришнинг 0,5 фоизи “ҳеч нарса” эканини айтган. Унинг қайд этишича, донни денгиз орқали экспорт қилиш муаммоси Украина ҳарбийларининг ўзлари портларни миналагани билан боғлиқ.
Путинга кўра, донни қуруқлик орқали олиб чиқиш мумкин. Бунинг энг осон ва арзон йўли Беларусга қарши киритилган санкцияларнинг бекор қилинишидир.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси