Путин 15 сентябргача Украинанинг яна бир вилоятини эгаллашни буюрган – Украина Бош штаби

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин рус ҳарбийларига 15 сентябргача Украинанинг Донецк вилояти маъмурий чегараларига етиб боришни буюрди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алексей Громов брифингда маълум қилди, деб ёзади “Украинска правда”.

“Руслар Харьков, Луганск, Донецк, Запорожье, Херсон ва Николаев вилоятларининг босиб олинган ҳудудларини ушлаб туришда давом этмоқда, шунингдек, ҳужумни қайта бошлаш учун қулай шароит яратишга ҳаракат қилмоқда. Шундай қилиб, Россия босқинчи қўшинлари Путиннинг 15 сентябргача Донецк вилоятининг маъмурий чегараларига етиб бориш ҳақидаги буйруғига асосан ўз режалари ва ҳаракатларини яна бир бор тўғриламоқда”, дейди у.

Украина шарқида фаол ҳужумни қайта бошлаш учун, Громовнинг сўзларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги учинчи армия корпусининг тузилмалари ва ҳарбий қисмларини қайта йиғишда давом этмоқда. У 2022 йилнинг ёзида Россиянинг турли минтақаларида ишга олинган кўнгилли бўлинмалардан тузилган.

Северодонецк-Лисичанск-Рубежное агломерацияси ва умуман Луганск вилояти ҳудудини назорат остига олиш Россия қўшинларининг Донбассдаги сўнгги йирик муваффақияти эди. Бу июль ойининг бошида содир бўлганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг