Пригожин ё ўлдирилган, ё қамалган – АҚШ истеъфодаги генерали

Олам

image

Америка Қўшма Штатларининг истеъфодаги генерали Роберт Абрамс “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин муваффақиятсиз исёндан сўнг ўлдирилган ёки қамалган бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у “ABC News” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Қайд этилишича, нашрнинг Роберт Абрамс билан суҳбатида Пригожиннинг муваффақиятсиз исёни оқибатлари, Украинанинг давом этаётган қарши ҳужуми ва НАТОнинг Вильнюсдаги саммити масалалари муҳокама қилинган.

Журналист ундан Пригожин 29 июнь куни Путиннинг қабулида бўлгани ҳақидаги хабарлар юзасидан фикрини сўраганда шундай жавоб берган:

“Биринчидан, агар Пригожиннинг Путин билан учрашгани ҳақидаги ҳаётий далилларни кўрсак, ҳайрон бўламан ва бу жуда саҳналаштирилган деб ўйлайман. Ва менинг шахсий баҳом шуки, Пригожинни яна кўришимизга шубҳа қиламан. Ўйлашимча, у ё яширинади ёки қамоққа юборилади, бўлмаса яна бошқа йўл билан ҳал қилинади. Аммо уни яна кўришимизга шубҳам бор”.

Шундан сўнг, журналистнинг “сизнингча у тирикми?”, деган саволига “Менимча, ундай эмас. Агар тирик бўлса ҳам, қайсидир қамоқхонада бўлса керак”, дея жавоб берган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 3 июль куни “Вагнер”га алоқадор “Grey Zone” Telegram-каналида Пригожинники экани айтилган аудиоёзув пайдо бўлганди. Унда яқин келажакда “Вагнер”нинг кейинги ғалабаларини фронтда кўришга ишонч билдирилган.

“Бугун биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сизнинг ёрдамингизга муҳтожмиз. Бунинг учун раҳмат. “Адолат юришимиз” сотқинларга қарши курашиш, жамиятимизни сафарбар қилишга қаратилганини тушунишингизни истардим. Ўйлайманки, биз бу борада кўп нарсага эришдик”, деган “Вагнер” раҳбари.

Шундан буён Пригожин бирор марта оммага кўриниш бермаган. Жорий йилнинг 27 июнь куни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко “Вагнер” раҳбарининг Беларусда эканини тасдиқлаганди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 29 июнь куни берган баёнотида Пригожиннинг қаерда эканини билмаслигини маълум қилди. 6 июль куни эса Лукашенко Пригожиннинг Беларусда эмаслиги, чунки у Санкт-Петербург ва эҳтимол Москвага кетган бўлиши мумкинлигини айтди. 10 июлда француз нашрларидан бири разведка маълумотларига таянган ҳолда 29 июнь куни Путин Пригожин ва “Вагнер” қўмондонлари билан Кремлда учрашгани ҳақида хабар берди. Бир неча соат ўтиб, Дмитрий Песков ушбу хабарни тасдиқлаб, Путин Кремлда Пригожин билан уч соат давомида суҳбатлашганини очиқлади. Кеча, 13 июль куни Путиннинг шахсан ўзи “Коммерсанть” мухбирига берган интервьюсида у ростдан ҳам 29 июнь куни Пригожин ва 35 нафар “Вагнер” командири билан учрашиб, уларга ҳарбий хизматни давом эттиришнинг бошқа вариантларини таклиф қилганини билдирди.

Пригожиннинг бир кунлик исёни

Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

исён “Вагнер” Пригожин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг