“Вагнер” юридик жиҳатдан мавжуд эмас – Путин
Олам
−
14 Июль 2023
7262Россия Президенти Владимир Путин “Вагнер” каби хусусий ҳарбий компаниялар мамлакат қонунчилиги бўйича мавжуд эмаслигини айтди. Бу ҳақда у “Коммерсанть” мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
“Бизда хусусий ҳарбий ташкилотлар тўғрисидаги қонун йўқ. Шунчаки мавжуд эмас. Гуруҳ бор, лекин у қонуний жиҳатдан йўқ. Бу ҳақиқий қонунийлаштириш билан боғлиқ алоҳида масала”, дейди Президент.
Шунингдек, Путин 29 июнь куни “Вагнер” раҳбарлари билан бўлган учрашув тафсилотларини ҳам очиқлаган. Унинг айтишича, учрашувда компаниянинг 35 нафар командири, жумладан, унинг раҳбари Евгений Пригожин ҳам иштирок этган. Давлат раҳбари уларга ҳарбий хизматни давом эттиришнинг бир нечта вариантларини таклиф қилган. Жумладан, Седа қўмондонлигида хизмат қилишни маслаҳат берган.
“Бир томондан, улар билан бўлган учрашувда мен уларнинг жанг майдонида қилган ишларига баҳо бердим, иккинчи томондан, 24 июнь воқеалари чоғидаги ҳаракатларига. Учинчидан, уларга хизматни давом эттириш, шу жумладан жанговар фаолият учун мумкин бўлган вариантларни кўрсатдим. Ҳаммаси шу”, дейди Путин.
Россия етакчисининг сўзларига кўра, унинг бу таклифидан сўнг аксар командирлар бир варакайига бош ирғаган бўлишига қарамай, Пригожин “йигитлар бундай қарорга рози эмас”, дея бунга қарши чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ француз нашрларидан бири разведка маълумотларига таянган ҳолда Путин 29 июнь куни Пригожин ва “Вагнер” қўмондонлари билан учрашгани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ мазкур хабарни Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлади.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.