Маҳбуслар поездда исён кўтарди. Ходим қурбон бўлди
World
−
17:04 3751 2 minutes
Кеча, 2 октябрь куни “Владикавказ – Адлер” поездига уланган маҳбуслар ташиладиган вагонда маҳбуслар исён кўтарди. Ҳодиса оқибтида Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИЭФХ)нинг бир ходими ҳалок бўлди, яна уч нафари жароҳат олди. Кейинроқ маҳбуслардан бири ҳам ўлдирилган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, Рен ТВ хабар берди.
“112” маълумотларига кўра, ичида маҳбуслар бўлган вагон Терек станциясида поездга уланган. Таркиб Бесландан ўтганидан сўнг вагонда стоп-кран тортилган ва ғалаён бошланган. Дастлабки маълумотларга кўра, маҳбуслар соқчиларнинг қуролини эгаллаб олишга муваффақ бўлган. Рен ТВ ҳам ўз манбасига таяниб шунга ўхшаш маълумотни келтирмоқда.
“112”нинг ёзишича, маҳбуслар вагонга қамалиб олган ва дастлаб жароҳатланган ЖИЭФХ ходимларини топширмаган. Вагон куч ишлатар тузилмалари томонидан ўраб олинган, воқеа жойига шошилинч хизматлар ва махсус топшириқли кучлар етиб борган. Канал маълумотларига кўра, маҳбусларнинг ҳеч бири қочиб қутула олмаган.
ТАССнинг ЖИЭФХдаги манбаси исён ҳақидаги маълумотни рад этган, бироқ муассаса ходими ўлдирилганини тасдиқлаган.
“Тарқалган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Ғалаён бўлгани йўқ. Поезд вагонида конвойда олиб борилаётганлардан бири ходимга ҳужум қилиб, уни ўлдирган”, дейди манба.
“112” ва Рен ТВ хабар қилишича, ҳодиса Кабарда-Балкариядаги Муртазово станцияси атрофида содир бўлган. Станция Терек шаҳрида, Беслан ва Владикавказ йўналишидаги темир йўл тармоғида жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шри-Ланка пойтахти Коломбо яқинидаги Негомбо қамоқхонасида икки гуруҳ маҳбус ўртасида юз берган тўқнашувлар оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлгани, 100 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.