Президентга мунтазам ахборот берилмоқда – Асадов “свет”ни қайтариш ишлари ҳақида

Жамият

image

Ўзбекистон электр энергияси таъминоти ва бошқа тармоқлар ишини нормаллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби шерзод Асадов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳудудларда электр таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари кучайтирилган иш режимига ўтказилган.

“Аввал айтиб ўтилганидек, вазият шахсан Президентимиз назорати остида, қилинаётган ишлар ҳақида давлатимиз раҳбарига мунтазам ахборот бериб борилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш билан боғлиқ барча соҳалар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари кучайтирилган иш режимига ўтказилди”, дейди Асадов.

У ҳозирча электр таъминоти тикланмаган жойларда уй-жойларни ёритиш ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тавсияларига амал қилишни сўраган.

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасалари (шу жумладан туғруқхоналар, COVID-шифохоналар ва ҳоказолар) электрогенераторлар билан таъминланганини маълум қилганди.

Шунингдек, истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида табиий газдан қарздорлик учун автоматик равишда ўчириш тўхтатилди.

“Конец света”

Бугун, 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан дастлаб, Тошкент метрополитени фаолияти тўхтатилди, поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди. Электрдаги узилиш сув таъминотини ҳам тўхтатиб қўйди.

Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аеропортлар фаолияти чекланди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган. 

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Хожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида електр таъминиоти тикланди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

290

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг