Трамп нега ХЖСни жазолаяпти?
Таҳлил
−
08 Февраль
7239АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиси Исроилни “ноқонуний ва асоссиз ҳаракатлар”да айблаб, нишонга олган Халқаро жиноий судни (ХЖС) жазолаш тўғрисидаги фармонни имзолаганидан хабарингиз бўлса керак. Жисмоний шахсларни оғир халқаро жиноятлар учун таъқиб қилувчи ХЖС Исроилнинг Ғазога босқини пайтида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблаб, ҳибсга олишга ордер бериш қарори туфайли АҚШ ва Исроилнинг норозилигига дуч келганди. Шунингдек, у Исроил 2023 йил 7 октябрдаги ҳужум ташкилотчиларидан бири бўлганликда айблаган ҲАМАС расмийси Муҳаммад Деифни ҳибсга олишга ҳам ордер берган. ҲАМАС ўтган ой Исроил уни ўтган йили ҳаво ҳужумида ўлдирганини тасдиқлаган эди.
Хўш, Халқаро жиноий суд ўзи нима, нега Трамп унга санкция киритяпти ва унинг қарори қандай таъсир қилади? Қуйида шуларни кўриб чиқамиз.
Трамп нима деди?
Трамп 6 февраль куни ХЖС томонидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари фуқароларига нисбатан тергов ўтказаётган одамларга иқтисодий ва саёҳат санкцияларини қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. АҚШ Президентининг даъво қилишича, суд “Нетаньяху ва Галантни нишонга олган ҳолда асоссиз ҳибсга олишга ордер бериб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилган”. Унинг таъкидлашича, суднинг ҳаракатлари “АҚШнинг ҳозирги ва собиқ ходимларига бевосита хавф туғдирувчи прецедентни ўрнатган” ва миллий хавфсизликка “ноодатий ва фавқулодда таҳдид” туғдирган.
“Қора рўйхат”га тушган ХЖС ходимларининг исмлари ҳозирча ошкор этилмаган, аммо нишонга олинганлар ва уларнинг оилалари АҚШга кира олмайди. Уларнинг активлари ҳам музлатилиши ва мулкни сотиб олиш ҳуқуқи блокланиши мумкин.
Трамп, шунингдек, қўшимча маълумот бермасдан, “иттифоқчилари ХЖСнинг АҚШ ва Исроилга қарши ҳар қандай ҳаракатларига қарши туришини кутишини” айтди.
ХЖС Трампнинг қарорини қоралаб, ходимларининг орқасида мустаҳкам туришга ва бутун дунё бўйлаб ваҳшийликларнинг миллионлаб бегуноҳ қурбонларини адолат ва умид билан таъминлашни давом эттиришга ваъда берди.
ХЖС нима?
Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган ХЖС ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар, геноцид ва 125 та аъзо давлатлар ҳудудига қарши тажовуз жиноятлари учун шахсларни тергов қилади ва таъқиб қилади. АҚШ ҳам, Исроил ҳам ХЖСга аъзо эмас.
Марказий банк охирги инстант қарз берувчиси бўлгани каби, ХЖС ҳам миллий ҳокимият органлари буни қила олмаса ёки хоҳламаса, жиноятларни таъқиб қилишга киришадиган охирги инстанция суди ҳисобланади.
Суд бош прокурори Карим Хон ўтган йилнинг май ойида Ғазодаги уруш юзасидан ўлдирилган ҲАМАСнинг уч амалдори ҳамда Нетаньяху ва Галантни ҳибсга олишга ордер беришни сўраган. Суд ордерларни ноябрь ойида чиқарган.
Суднинг Рим статутини ратификация қилган давлатлар Нетаньяху ва Галантни ўз тупроқларига қадам қўйса, ҳибсга олишга мажбур. АҚШ (Хитой, Россия ва бошқалар қаторида) статутни тасдиқламагани учун Нетаньяху шу ҳафта Вашингтонга бемалол борди ва Трампнинг иккинчи муддати давомида Оқ уйга таклиф қилинган биринчи хорижий давлат етакчиси бўлди.
ХЖС 2015 йилда Фаластинни аъзо сифатида қабул қилиб, Ғазода содир бўлган халқаро жиноятлар устидан юрисдикция олди.
Жисмоний шахсларни жиноий жавобгарликка тортувчи ХЖС давлатларни таъқиб қилувчи Халқаро суддан (ХС) фарқ қилади. Ўтган йили ХС Ғазодаги фаластинликлар “геноциддан ҳимояланиш учун оқилона ҳуқуқларга” эга, деб қарор қилди. Суд, шунингдек, Исроилга Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужумини дарҳол тўхтатишни буюрди, бироқ Исроил бунга эътибор бермади.
Трамп буни илгари қилмаганми?
Ҳа. 2020 йил июнь ойида, биринчи муддатининг охирига келиб, Трамп АҚШ қуролли кучлари, Марказий разведка бошқармаси ва “Толибон” томонидан Афғонистонда содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича тергов олиб боргани учун ўша пайтдаги ХЖС бош прокурори Фату Бенсуда ва суднинг яна бир юқори мансабдор шахсига санкция киритган. Ўшанда Трамп маъмурияти “кенгуру судини” танқид қилиб, уни “юридик орган сифатида ниқобланган масъулиятсиз сиёсий институт” деб атаган.
Бироқ экспертларнинг огоҳлантиришича, бу сафарги санкциялар ўз асослари ва потенциал таъсири жиҳатидан янада кенгроқдир. Оксфорд университети ахлоқ, ҳуқуқ ва қуролли можаролар институти директори Жанина Дилл CNN телеканалига берган интервьюсида аввалги санкциялар Афғонистондаги АҚШ қўшинларининг ҳаракатлари устидан тергов олиб боришга тўсқинлик қилишга қаратилган бўлса-да, бу сафарги буйруқ “суд лойиҳасини тубдан рад этиши”ни айтган. Унинг сўзларига кўра, янги чораларнинг амалий оқибатлари ХЖСни рамзий равишда бузиш билан бир қаторда, “суд ишига путур етказиши мумкин”.
“Суд ўз терговини ўтказиши учун маблағга муҳтож. Бунинг учун банклар, сайёҳлик агентликлари, турли корхоналар ва учинчи томонларнинг ҳамкорлиги зарур. Агар улар АҚШ санкцияларидан қўрқишлари керак бўлса, бу сезиларли самара беради”, дея қўшимча қилди Дилл.
Реакция қандай бўлди?
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Трампнинг қароридан афсусда эканини билдирди ва уни бу қароридан воз кечишга чақирди.
Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам ХЖС “глобал жазосизликка қарши курашни эркин олиб бориши” кераклигини айтди. Бироқ Европа Иттифоқи бир овоздан гапирмаяпти. Масалан, Венгриянинг ўта ўнгчи Бош вазири Виктор Орбанга кўра, Трампнинг қарори “Венгрияга АҚШ санкциялари остидаги халқаро ташкилотда нима қилаётганини кўриб чиқиш вақти келди” деган маънони англатади.
Қайд этиш жоиз, Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер сўраганидан сўнг жинсий тажовузда айбланган ХЖС Бош прокурори Карим Хон ўтган йили CNN телеканалига берган интервьюсида шундай деган:
“Судни таҳдидлар билан тўхтатиб бўлмайди, чунки биз прокурор сифатида ўз масъулиятимизни бажаришимиз керак ... ўзимиздан ҳам каттароқ нарса, бу адолатга содиқликдир”.
Нега айнан ҳозир?
Санкциялар Трамп Нетаньяхуни Оқ уйда кутиб олганидан кейин жорий қилинган. Аввалроқ Ғазо секторини “тозаламоқчи” эканини айтган Трамп 4 февраль куни АҚШ учун ҳудудни “ўзлаштириб олиш”, у ерда яшовчи фаластинликларни жойлаштириш ва уни янги “ривьера”га айлантириш режасини эълон қилди.
Этник тозалаш ва халқаро ҳуқуқни бузувчи режа глобал дипломатик бўронга сабаб бўлди, Исроилдаги ўнг қанот сиёсатчиларнинг кўпчилигини хурсанд қилди ва фаластинликларни даҳшатга солди.
“Бу янги санкциялар билан биргаликда Трамп бошқарувидаги АҚШ халқаро жиноий адолат тарафдори бўлишдан адолатсизликни содир этувчига ўтаётганидан далолат беради. Бу ҳақиқатан ҳам ташвишли”, дейди Дилл.
LiveБарчаси