Трамп ХЖСни санкциялар билан “чангалламоқчи”
Олам
−
07 Февраль
3552Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Халқаро жиноий судни АҚШ ва унинг энг яқин иттифоқчилари, биринчи навбатда, Исроилни ноқонуний нишонга олганликда айблаб, унга нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.
Ҳужжатда айтилишича, америкаликлар ёки уларнинг иттифоқчилари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига қарши терговда иштирок этган шахсларга нисбатан молиявий ва виза санкциялари қўлланилади.
Трампнинг бу ҳаракати ўтган ҳафта Сенатдаги демократлар республикачиларнинг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Исроил собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш ордерларига норозилик сифатида Халқаро жиноий судга санкция қўллашга уринишини блоклагани ортидан бўлди.
“ХЖС Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Ёав Галантни ҳибсга олишга асоссиз ордерлар бериб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилди”, дейилади буйруқда.
Унда таъкидланишича, Қўшма Штатлар ва Исроил “ҳарбийлар уруш қонунларига қатъий риоя қиладиган гуллаб-яшнаётган демократик давлатлардир”.
Аввалроқ “Reuters” Гаагада жойлашган Халқаро жиноят суди ўз ходимларини потенциал чекловлар шароитида уч ойлик маошларини олдиндан тўлаш орқали АҚШнинг потенциал санкцияларидан ҳимоя қилиш чораларини кўрганини ёзган эди.
Бу суд иккинчи марта АҚШнинг жавоб чораларига дуч келмоқда. 2020 йилда Трампнинг биринчи маъмурияти даврида Вашингтон ХЖС бош прокурори Фату Бенсуда ва юрисдикция директори Факисо Бенчочохога қарши АҚШнинг Афғонистондаги уруш жиноятларини тергов қилгани учун санкциялар киритганди.
Январь ойида АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Халқаро жиноят судига қарши санкцияларни қўллаш учун овоз берди, бироқ қонун лойиҳаси Сенатда овоз беришдан ўта олмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатни БМТнинг “антиамерикан” ташкилотларидан чиқариш тўғрисида фармон имзолаганди. БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва Фаластин қочқинларига ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) шулар жумласидан. Трампнинг ушбу қарори янгилик эмас. У ўзининг биринчи президентлик муддати давомида ҳам UNRWAʼни молиялаштиришни тўхтатган, АҚШни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва Таълим, фан ва маданият ташкилоти (UNESCO) аъзолигидан олиб чиққан эди.