Трамп Ғазони “тозаламоқчи”. Бу Яқин Шарқ учун нимани англатади?
Таҳлил
−
28 Январь
6713АҚШ Президенти Дональд Трамп Ғазо аҳолисини қўшни давлатларга кўчиришни яна бир бор таклиф қилди. Бу ҳақда у кеча, 27 январь куни Air Force One бортида журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
"Мен улар бетартиблик ва зўравонликсиз яшашлари мумкин бўлган жойда ҳаёт кечиришини истайман", деди Америка раҳбари .
Тегишли саволга жавобан Оқ уй раҳбари бу борадаги фикри ўзгармаганини маълум қилди.
"Ғазо секторига назар ташласангиз, у кўп йиллардан бери дўзах бўлган", деди Трамп минтақа узоқ вақтдан бери зўравонликдан жабр кўрганига эътибор қаратиб.
Шунингдек, АҚШ Президенти “Яқин Шарқда тинчлик ҳукмронлигини” кўришни исташини айтди.
“Ўйлайманки, биз одамлар анча хавфсиз ва қулайроқ жойларда яшашига эриша оламиз”, деб қўшимча қилди Америка етакчиси.
Унинг фикрича, Миср ҳам, Иордания ҳам фаластинликларни бу ҳудуддан чиқариб олиш ҳақидаги илтимосини бажаради. Унинг қўшимча қилишича, у Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан Ғазодан Мисрга фаластинликларни юбориш ҳақида гаплашган.
“Мен унга (ал-Сиси) кўп ёрдам бердим ва умид қиламанки, у бизга ёрдам беради. Ўйлайманки, у буни қилади (фаластинликларни олади) ва Иордания қироли ҳам буни қилади”, деди Трамп.
Қайд этиш жоиз, 25 январдаги провокацион баёнотларида Трамп биринчи бўлиб Исроилнинг 15 ойдан ортиқ давом этган кучли бомбардимонидан сўнг, блокада қилинган Фаластин ҳудудини "тозалаш" ғоясини илгари сурганди. У ўшанда ғазоликларни қўшни давлатлар Миср ва Иорданияга кўчиришни таклиф қилган ва у аллақачон Иордания қироли Абдуллоҳ II билан потенциал уй-жой қуриш ва Ғазодан бир миллиондан ортиқ фаластинликни қўшни давлатларга кўчириш ҳақида гаплашганини айтганди.
Қоҳира ҳам, Амман ҳам Трампнинг таклифини расман рад этган, чунки ҳар икки давлат ҳам тарихан фаластинликларни кўчиришга қарши чиққан.
"Иордания иорданияликлар учун, Фаластин эса фаластинликлар учун. Бизнинг депортацияни рад этишимиз қатъий ва ўзгармасдир", деди Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Сафади Амманда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги ҳам "фаластинликларни депортация қилиш ёки ўз ерларидан кўчириш ёки кўчиришни рағбатлантиришни" рад этишини айтди.
БМТ: Трампнинг Ғазодаги этник тозалаш режаси
Кеча, 27 январь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик ҳам Миср ва Иордания Ғазодан фаластинликларни кўчириш режасига очиқчасига қарши чиққанини билдирди.
"Ўйлайманки, барчамиз Мисрдан, Иорданиядан, Араб Лигасидан бу режага қарши чиққан изоҳларни аниқ кўрдик. Албатта, биз одамларнинг мажбурий кўчирилишига ёки этник тозалашнинг ҳар қандай турига олиб келиши мумкин бўлган қандай режага қарши бўламиз”, деди у журналистларнинг Трамп таклифи ҳақидаги саволга жавобан.
Таҳлилчиларнинг айтишича, фаластинликларни бошқа жойга кўчириш бўйича ҳар қандай режалар Исроил режимига Ғазодан аҳолини мажбуран чиқариб юбориши ва ҳудудни исроиллик кўчманчилар билан тўлдириши учун зарур баҳона бўлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, агар Трампнинг таклифи қабул қилинса, Байден маъмуриятининг Ғазо аҳоли пунктини йўқотмаслик кераклиги ҳақидаги позициясидан кескин танаффус бўлади ва Ғазо бўлажак Фаластин давлатининг бир қисми бўлиши кераклиги ҳақидаги АҚШнинг узоқ йиллик позициясидан ўзгаришини кўрсатиши мумкин. Бу, шунингдек, Трамп маъмуриятини Исроилнинг энг радикал ўнг сиёсатчилари билан уйғунлаштиради, улар яҳудийлар тураржойига йўл очиш учун фаластинликларни ҳудуддан олиб чиқишни ёқлайди.
Трампнинг таклифини исроиллик экстремистик сиёсатчилар, жумладан "Фаластин халқи деган нарса йўқ" деб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган Молия вазири Бецалель Смотрич ҳамда терроризмни қўллаб-қувватлагани ва арабларга қарши ирқчиликни қўзғатгани учун бир марта судланган собиқ миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ҳам маъқуллади.
Фаластинлик сиёсатчилар эса буни ғазоликларни ўз тупроқларидан этник тозалаш режаси деб қоралади.
Қўшма Штатларда, ҳатто сенатор Линдси Грэм – Исроилнинг Конгрессдаги энг ашаддий тарафдорларидан бири – CNN’га берган интервьюсида бу ғоянинг “ҳаддан ташқари амалий” эканлигига ишонмаслигини айтди.
"Мен у нима ҳақида гапираётганини билмайман", деди Грэм Трампга ишора қилиб.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, маънавий ва ҳуқуқий ташвишлардан ташқари, қўшни араб мамлакатларига қочқинлар оқими уларни беқарорлаштириши ва экзистенциал хавф туғдириши мумкин. Уларнинг фикрича, Трампнинг таклифига рози бўлиш кенг жамоатчиликнинг ғазабини қўзғатади – бу ҳукуматлар учун чидаб бўлмас хавф.
"Агар улар фаластинликларни этник тозалашда иштирок этишга ва уларни қабул қилишга кўнса, бу, шубҳасиз, ҳар икки давлат учун чинакам беқарорликка олиб келади", деди Вашингтондаги Таҳрир Яқин Шарқ сиёсати институти директори ўринбосари Тимоти Калдас.
“Иккинчи Фаластин Накбаси”
Баҳрайндаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг Яқин Шарқ сиёсати бўйича катта илмий ходими Ҳасан Алҳасан эса Миср ва Иордания ҳукуматлари "агар ўз жамоатчилиги томонидан иккинчи Фаластин Накбасига қаноатланаётгандек кўринса, ички мухолифатга қарши курашиш"ига тўғри келишини айтди. Эксперт Исроилнинг яратилиши даврида тахминан 700 000 фаластинликлар тарихий Фаластиндаги уйларидан қочган ёки мажбуран ҳайдаб чиқарилган 1948 йилга ишора қилди. Ўшанда Исроил уларга ва уларнинг авлодларига қайтишга тўсқинлик қилиб, қўшни мамлакатлардаги миллионлаб қочқинларни фуқаролигисиз ёки доимий жойлашиш истиқболисиз қолдирган.
"Ғазодаги фаластинликларнинг ўз ихтиёри билан чиқиб кетиш эҳтимоли катта эмаслигини инобатга олсак, Миср ёки Иорданияга мажбурий кўчиш бу икки давлат учун турли экзистенциал таҳдидларни келтириб чиқаради", деди Алҳасан.
Унинг айтишича, миллионлаб фаластинликлар яшайдиган Иордания учун ўзгарган демографик ҳолат "Ҳошимийлар монархиясининг ҳокимиятга эга бўлишига таҳдид солади" ва молиявий жиҳатдан "Миср ҳам, Иордания ҳам миллионлаб қўшимча қочқинларни қабул қилишга қодир эмас".
Миср ва Иордания АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчилари ва ўнлаб йиллар давомида ўз минтақавий сиёсатини Қўшма Штатлар манфаатларига мослаб келган АҚШ ёрдамининг асосий олувчилари. Улар Исроил билан тинчлик шартномасини имзолаган биринчи араб давлатлари бўлган ва кенг жамоатчиликнинг норозилигига қарамай, у билан самимий муносабатларни, жумладан, хавфсизликни мувофиқлаштиришни давом эттирган.
Европа етакчилик тармоғи таҳлил марказининг можаролар бўйича эксперти ва “Disorder” подкастининг бошловчиси Жейн Киннинмонтнинг айтишича, вақт ўтиши билан Иордания ва Мисрнинг Вашингтондаги таъсири Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари каби Форс кўрфази араб давлатлари томонидан сояда қолган.
"Кўриш керак бўлган нарса – бу давлатлар Вашингтонга оммавий кўчириш можарони йўқотмаслиги ҳақида аниқ хабар юборишда қанчалик узоққа бориши. Минтақа мамлакатлари учун қочқинлар муаммоси ҳозирги можаронинг сабабларидан бири эканлигини ва фаластинликларнинг қочқинга айланиши буни ҳал қилмаслигини таъкидлаши муҳим. Бу тўғридан тўғри тўқнашувнинг марказига бориб тақалади”, деди Киннинмонт.
Хавфсизлик ташвишлари
Уруш давомида Иордания ва Миср Исроил билан алоқаларни узиш ҳақидаги ички чақириқларни рад этди ва Миср, Исроил ва ҲАМАС ўртасида асосий воситачилик ролини ўйнади. 2023 йил октябрь ойида Ғазодаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар икки давлатда норозилик намойишлари бўлиб ўтди, кўпчилик ўз ҳукуматларининг Исроил билан ҳамкорлигидан норозилигини кўрсатди.
Таҳрир институти ходими Калдаснинг айтишича, Фаластин аҳолисини кўчиришни қабул қилиш икки давлат учун Америка ёрдамини йўқотишдан кўра қимматроқ бўлади.
Миср ва Иордания аллақачон кўплаб қочқинларни қабул қилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлиги маълумотларига кўра, январь ойи ҳолатига кўра, Мисрда 877 минг қочқин ва бошпана изловчилар рўйхатга олинган.
Май ойида Фаластиннинг Қоҳирадаги элчиси Диаб ал-Луҳ уруш бошланганидан бери Мисрга 100 мингга яқин ғазолик ўтганини айтди.
Иорданияда 2,39 миллиондан ортиқ фаластинлик қочқин БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги UNRWA’да рўйхатга олинган.
"Агар уларнинг ҳудудлари Исроилга қарши ҳужумлар учун майдонга айланса, иккала давлат ҳам хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин. Бу уларнинг Исроил билан тинчлик шартномасини янада кескинлаштириши мумкин. Трамп Ғазони фаластинликлардан "тозалаш"га ҳаракат қилиб, Исроилнинг ўта ўнг қанот мутаассибларининг буйруғини бажармоқда. Ажабланарлиси шундаки, Трампнинг таклифи, агар у амалга ошса, аслида ўзини-ўзи йўққа чиқаради. Миср ва Иорданиядаги беқарорлик исломий сиёсий кучлар, хусусан, "Мусулмон биродарлар"га фойда келтиради ва улар АҚШга нисбатан камроқ дўстона муносабатда бўлади ва ҲАМАСга кўпроқ хайрихоҳлик қилади", деди Алҳасан.
Маълумот учун, 2023 йил октябрь ойида бошланган геноцид уруши туфайли Ғазо секторининг 2,4 миллион аҳолисининг деярли барчаси ўз уйларини ташлаб кетди. Уруш камида 47 306 фаластинлик, асосан аёллар ва болаларнинг ҳаётига зомин бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати, АҚШ ва Қатар вакиллари 16 январь куни кечқурун Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. 19 январь куни сулҳ кучга кирди ва кечқурун ҲАМАС биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Улар уч нафар шахсдан иборат бўлган. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. 25 январь куни сулҳ келишувининг биринчи босқичи доирасида асир алмашишнинг иккинчи раундида Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёл эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 нафар фаластинлик озод қилинди.
“The Washington Post” нашрининг ёзишича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўнг қанот коалициясидаги ҳамкорларига ҲАМАС билан сулҳнинг биринчи босқичидан сўнг Ғазо секторида ҳарбий операцияни қайта бошлашга ваъда берган.