АҚШ Вакиллар палатаси Россияга қарши янги санкцияларни маъқуллади
Олам
−
15:28 859 2 дақиқа
АҚШ Вакиллар палатаси кеча, 4 июнь куни Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш ва Украинага ҳарбий ҳамда молиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Конгресснинг расмий сайтида хабар берилди.
АҚШ Вакиллар палатаси Россияга қарши янги кенгайтирилган санкциялар, Украина ва НАТОдаги иттифоқчиларга ёрдам беришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Ушбу қарор 226 нафар қонунчининг қўллаб-қувватлаши, 195 нафарининг қарши овоз бериши билан маъқулланди. Қўллаб-қувватлаганлар орасида 18 республикачи, 207 демократ ва битта мустақил депутат бор.
Қонун лойиҳаси Украинани қўллаб-қувватлаш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади. Хусусан, ҳужжатда Украинани тиклаш учун махсус молиявий фонд ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, Украина ва НАТОдаги ҳамкор давлатларга мудофаа эҳтиёжлари учун 8 миллиард долларгача маблағ кредит шаклида ажратилиши белгиланган.
Бундан ташқари, ҳужжат АҚШ Президентининг Украина ҳамда Шарқий Европа давлатларига ҳарбий техника ва қуролларни кредит ёки ижара асосида етказиб бериш бўйича ваколатларини қайта тиклайди. Пентагоннинг эса Украинага хавфсизлик ва разведка соҳасида ёрдам кўрсатиш ваколати 2027 йил охиригача узайтирилиши назарда тутилган.
Санкциялар қисми эса янада кескин чораларни ўз ичига олади. Қонун лойиҳаси АҚШ Президентига Россия ва Украина ўртасидаги вазиятни баҳолаш ҳамда зарур деб топилганда қўшимча чекловлар жорий этиш ваколатини беради. Ушбу чоралар орасида Россиядан импорт қилинадиган товарлар ва хизматларга камида 500 фоизгача божхона тарифларини қўллаш имконияти ҳам мавжуд.
Мазкур ташаббус Сенат томонидан ҳам маъқулланса, у тўлиқ кучга киради ва АҚШнинг Россияга нисбатан санкция сиёсати янада кескинлашиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам АҚШ Россияга қарши янги санкциялар пакетини тайёрлаётгани ҳақида айтганди.
Live
Барчаси