ХЖС Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер берди

Олам

image

Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) судгача бўлган палатаси Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда ХЖСнинг тегишли баёноти эълон қилинди.

Қарор 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача содир этилган "инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари” туфайли қабул қилинди. Рим статутини ратификация қилган давлатлар ХЖС буйруғини бажаришлари шарт.

ХЖС маълумотларига кўра, суд Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галант Ғазо секторидаги "тинч аҳолини омон қолиш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий буюмлар, ёқилғи ва электр энергиясидан атайлаб маҳрум қилган" деб ишониш учун асосга эга.

Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар ва тузилмалар, шунингдек, бошқа давлатлар раҳбарларининг огоҳлантириш ва чақириқларига қарамай, Исроил фақат “минимал гуманитар ёрдам”га рухсат берди. Бундай чекловлар учун "аниқ ҳарбий зарурат ёки бошқа асослар" аниқланмаган. Шу муносабат билан ХЖС палатаси Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галант очликдан уруш усули сифатида фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликка тортилади, деб гумон қилмоқда.

Шунингдек, 2024 йил ёзида Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган ҲАМАС қўмондони Муҳаммад Деифни ҳибсга олиш учун ордер ҳам чиқарилган. Прокуратурада унинг 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил ва Фаластин ҳудудларида содир этган ҳарбий жиноятлари ҳақида маълумотлар бор.

"Унинг ўлими ҳақидаги маълумотлар ҳали ҳам текширилмоқда", дейилади баёнотда.

ХЖС Исроилнинг ўз фуқароларига қарши ордер бериш бўйича суд юрисдикциясига эътироз билдирмоқчи бўлган далилларини рад этди. Исроил ХЖСнинг Рим статутига қўшилмаган ва унинг юрисдикциясини тан олмайди. Исроил бош вазири маслаҳатчисининг айтишича, ҳибсга олишга ордер бериш орқали Халқаро жиноий суд Исроилга қарши “минтақавий уруш” тарафини олган.

Эслатиб ўтамиз, ХЖС прокурори Карим Хон 2024 йил май ойида Биньямин Нетаньяху, Йоав Галант ва ҲАМАСнинг учта етакчисини (улардан иккитаси вафот этган) ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраганди. Яқинда унга нисбатан суд ходимига жинсий зўравонлик қилганликда айбловлар қўйилди. У барча айбловларни рад этиб, ўзига ва идорасига қарши "дезинформация кампанияси" олиб борилаётганини даъво қилди. Ноябрь ойида ХЖС ўз терговини бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Биньямин Нетаньяху ХЖС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг