Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер сўраган ХЖС прокурори жинсий тажовузда айбланмоқда
Олам
−
09 Ноябрь
5911Халқаро жиноий суд Бош прокурори Карим Хон жинсий тажовузда айбланиб, ҳозирда унга нисбатан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Суд ҳужжатларига кўра, 54 ёшли Хонга қарши айбловлар орасида жинсий алоқа қилишга мажбурлаш ва узоқ вақт давомида ўз лавозимини суиистеъмол қилиш сингари айбловлар мавжуд. Шу билан бирга, ХЖСдаги бир нечта манбалар ҳам ушбу айбловларни тасдиқлаган.
Хоннинг ўзи ижтимоий тармоқларда суднинг ички назорат органидан зудлик билан тергов бошлашни сўрагани ва бу тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилишини айтганини эълон қилган.
Бироқ суднинг юқори мартабали амалдорлари “The Guardian” нашрига ходимлар ички терговнинг мустақиллигига шубҳа қилганини билдирган. Баъзиларнинг фикрича, Хон текширувдан “шовқин” кўтарганлардан ўч олиш учун фойдаланмоқда.
Нашрнинг ёзишича, прокуратурадаги тўртта манба ҳам мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувидан хавотир билдирган, чунки суднинг мустақил назорат механизми деб номланувчи ички назорат органининг янги раҳбари ҳозир Хон учун ишламоқда. Тахмин қилинган жабрланувчилардан бири бўлган 30 ёшлардаги адвокат ҳам бевосита Хон учун ишлаган, бироқ у изоҳ беришдан бош тортган.
Маълумот учун, прокурорнинг асл исми – Карим Асад Аҳмад Хон бўлиб, 1970 йилнинг 30 март куни Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида туғилган. Хон 1997-1998 йилларда Собиқ Югославия бўйича Халқаро жиноий трибунал прокурори идорасида юридик ходим сифатида, кейинчалик 2000 йилгача Руанда бўйича Халқаро жиноий трибунал прокурори идорасида юридик маслаҳатчи сифатида ишлаган. 2021 йил 16 июндан буён Халқаро жиноий суднинг прокурори сифатида фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд Бош прокурори Карим Хон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАС етакчилари Яҳё Синвар (вафот этган) ва Муҳаммад Дейфни (унинг ўлими ҳақида расмий хабар берилган) зудлик билан ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрагани хабар қилинганди.