Озарбайжон Исроилдан 235 млн долларлик ракета тизимларини сотиб олади
World
−
12:42 836 2 minutes
Озарбайжон Исроилнинг “Elbit Systems” мудофаа концернидан 235 миллион долларга PULS ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва Extra-MR юқори аниқликдаги ракеталарини харид қилади. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Исроилнинг “Globes” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, компаниянинг жорий йил 19 октябрдаги хабарида буюртмачи номи аниқлаштирилмаган ҳолда “Европа мамлакати” деб кўрсатилган. Шартнома Исроил ва буюртмачи мамлакат Мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳукуматлараро битим доирасида тузилган ва уч йилга мўлжалланган.
Битим доирасида Исроил компанияси PULS учириш қурилмалари, қўшимча ракета-артиллерия платформалари, интеграциялашган логистик қўллаб-қувватлаш мажмуаси ҳамда юқори аниқликдаги Extra-MR гипертовушли ракеталар партиясини етказиб беради.
Extra-MR 80 км гача бўлган масофадаги нишонларга зарба беришга қодир бўлган ўрта масофали юқори аниқликдаги бошқариладиган ракета ҳисобланади. Тизим PULS учириш қурилмалари ва мавжуд C4I архитектуралари билан мос келади.
Маълумот учун, Исроил – Озарбайжонга қурол-яроғ етказиб берувчи асосий мамлакатлардан бири ҳисобланади. Стокгольм халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш институти (SIPRI) баҳолашига кўра, 2016–2020 йилларда Озарбайжон импорт қилган асосий қурол турлари ҳажмининг 69 фоизи Исроил ҳиссасига тўғри келган. Бу кўрсаткич пул қийматини эмас, балки етказиб бериш ҳажмини акс эттиради. 2020 йил кузида Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ уруши пайтида Озарбайжон армияси Исроилнинг Harop зарба берувчи дронларидан кенг фойдаланган. “Globes” нашри, шунингдек, Озарбайжонда Исроилнинг “Ari Arms” компанияси иштирокида M4 автоматик винтовкаларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очилгани ҳақида хабар берган. Очилиш маросимида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва биринчи вице-президент Меҳрибон Алиева иштирок этган.
Live
All20 October