Пентагон Украина сўраган ракеталар ишлаб чиқарилишини тезлаштиради
Олам
−
30 Март 2022
8574АҚШ Мудофаа вазирлиги Stinger зенит-ракета мажмуалари ва Javelin танкга қарши ракета мажмуаларини ишлаб чиқаришни тезлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШнинг Stinger ракеталарини ишлаб чиқариш линияси ёпилган, аммо хорижга сотиш буюртмаларини бажариш учун у қайта ишга туширилган.
Пентагон вакили Жессика Максвеллнинг сўзларига кўра, ҳозирда самарали ишлашни таъминлаш учун ишлаб чиқариш қувватларининг бир нечта вариантлари кўриб чиқилмоқда. Унинг таъкидлашича, қўшимча ишчиларни ёллаш, жиҳозларнинг эскирган қисмларини алмаштириш ва ишлаб чиқариш учун қўшимча асбоблар сотиб олиш мумкин. Қайд этилишича, ҳозир Stinger ракеталарининг партиясини ишлаб чиқариш учун бир ярим йилдан икки йилгача вақт кетади.
АҚШ Мудофаа вазирлиги Javelin ракеталарини ҳам ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ишонмоқда.
Телеканал томонидан кўрилган ҳужжатларда 2022 йилга бориб Мудофаа вазирлиги йилига 6000 дан ортиқ Javelin ракеталарини ишлаб чиқариш кутилмоқда.
Аввалроқ, Украина АҚШ расмийларидан ҳар куни 500 та Stinger зенит-ракеталари ва танкга қарши Javelin ракета комплексларини етказиб беришни сўраётгани айтилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси