Остин уруш бошлангандан бери биринчи марта Шойгу билан музокара ўтказди

Олам

image

Бугун, 13 май куни Америка Қўшма Штатлари ва Россия Мудофаа вазирлари уруш бошланганидан бери илк бор музокара ўтказди. Пентагон Россияни Украинада зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирган. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.

Қайд этилишича, Пентагон раҳбари Ллойд Остин 13 май куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан телефон орқали мулоқот қилган. Бу АҚШ ва Россия мудофаа идоралари раҳбарларининг 18 февралдан бери биринчи суҳбати бўлган.

“Остин Украинада зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди ва алоқа линияларини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади Пентагоннинг музокаралар якунлари бўйича баёнотида.

Россия Мудофаа вазирлиги хабарида, ўз навбатида, суҳбат Америка томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтгани қайд этилган.

“Халқаро хавфсизликнинг долзарб масалалари, жумладан, Украинадаги вазият муҳокама қилинди”,  дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Мудофаа вазирлиги март ойи охирида РФ Мудофаа вазири Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Герасимов қўнғироқларга жавоб бермаётганини айтиб, Россия Украинадаги урушда муваффақиятсизликка учрагани учун Шойгу ишлардан четлатилганини даъво қилган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг