Омбудсман Феруза Нажмиддиновага қилинган туҳматни зўравонлик деб баҳолади
Жамият
−
08 Август 2021
21317Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман журналист билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди
Кеча, 7 август куни ижтимоий тармоқларда QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаъни, қадр-қимматини камситилишига сабаб бўлувчи ва ҳеч бир асосга эга бўлмай туриб унинг расмлари билан видеомонтаж қилинган роликнинг тарқатилиши жуда ачинарли ҳолат. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматованинг баёнотида айтилган.
Унда қайд этилишича, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлашда халқ дардини танқидий ва таҳлилий руҳда олиб чиқаётган журъатли журналистни қўпол қилиб айтганда, овозини ўчиришга қаратилган ушбу хатти-ҳаракат қонун нормаларига мутлақо зид. Шахснинг шаъни ва қадр-қимматига ғайриқонуний тажовуз қилиш қонун томонидан туҳмат ва ҳақорат қилиш, деб белгиланган.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 13-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир. Инсоннинг шаъни ва ор-номуси дахлсиз. Инсонни камситиш, обрўсизлантириш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш қонунга зид хатти-ҳаракат ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар учун қонун бўйича тегишли жавобгарликлар мавжуд”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, баёнотда юқоридаги ҳолатга Омбудсман томонидан ҳуқуқий баҳо берилган:
• Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 17-моддасида “Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади”, дейилади.
• Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2446-моддасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
• Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.
• Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27, 48-моддаларида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлиглари белгиланган.
“Давлат раҳбари бошчилигида ОАВ ходимлари ва блогерлар қўллаб-қувватланиб, ҳақиқатни олиб чиқишдан қўрқмай, муаммоли масалаларни кўтараётган журналистлар қадрланаётган, уларга босим ўтказиш ҳолатларини бартараф этиш, бир сўз билан айганда, сўз эркинлиги сиёсати олиб борилаётган вақтда шундай номақбул видеони тарқатиб, аёл журналистга нисбатан тазйиқ ўтказилишини зўравонликнинг бир кўриниши, дейиш мумкин. Маънавий ва руҳий зарбаларнинг битиши жисмоний қийноқлардан ҳам оғирроқ бўлади, аслида.
Ўйлайманки, бундай вазиятда кўпчилик журналистларнинг бирлашиши натижасида танқидий-таҳлилий материаллар янада кўпаяди. Журъатли ва қўрқмас қалам аҳли бу каби зарбалардан янада тобланади”, дейилади Феруза Эшматованинг баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади.
Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. ИИВ, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Сенат, АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси, мазкур ишни ўз назоратига олди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов, фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда журналист Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган #мен_Ферузаман флешмоби бошланди.
LiveБарчаси