Олма-отада 4 яшар қиз бошидан ўқ еб, вафот этди
Олам
−
08 Январь 2022
15014Олма-отадаги отишмалар вақтида 4 яшар қиз ҳам ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар бонг урмоқда.
Айни вақтда шаҳардаги морг яқинларининг жасадини олиб кетишга келганлар билан гавжум. Orda.kz Гулнора Бажкенова марҳумларнинг яқинлари билан мулоқот қилиш жараёнида, 4 яшар қизидан айрилган Айдос Мелдихонни учратди. Унинг қизи 6 январь куни кечқурун акаси билан машинада кетаётганда вафот этган.
Айдоснинг сўзларига кўра, улар озиқ-овқат олиш учун кўчага чиқишган ва майдон ёнидан ўтишган. Машинада Айдоснинг акасининг яна иккита иккита фарзанди ҳам бўлган. Улар жароҳат олган, 9-синф ўқувчиси эса реанимацияда.
“Қизимнинг бошидан ўқ тегди”, дейди ота.
Унинг қайд этишича, ярадор болаларни машинада акаси шифохонага олиб кетган.
Айни вақтда Ҳукумат намойишчилар ва тинч аҳоли орасида неча киши қурбон бўлгани ҳақида аниқ маълумот бергани йўқ. Айдос Мелдихоннинг қизи каби қурбон бўлганлар кимнинг ўт очиши сабаб вафот этгани ҳам маълум эмас.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси