Оқ уй Россия қурол учун КХДРдан нажот қидираётганига муносабат билдирди
Олам
−
07 Сентябрь 2022
11619Россия Корея Халқ Демократик Республикасидан миллионлаб ракеталар ва артиллерия снарядларини сотиб олган бўлиши мумкин, аммо АҚШда бу қуроллар жанг майдонида қўлланилганига ҳеч қандай далил йўқ. Бу ҳақда Оқ уй Хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
“АҚШ маълумотларига кўра, жўнатмалар миллионлаб ракеталар ва артиллерия снарядларини ўз ичига олади. Аммо сотиб олиш жараёни якунлангани ва бу қуроллар жанг майдонида қўлланила бошлангани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ”, дейди Оқ уй вакили.
Бу харид Россиянинг Украина билан урушда нақадар “умидсиз ва ночор” эканини кўрсатади, дейди Кирби.
У, шунингдек, Вашингтон Хитой Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтаётгани аломатларини кўрмаётганини қўшимча қилган.
Шу билан бирга, Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг айтишича, Вашингтон бу борада Москванинг Пхеньянга мурожаат қилгани аломатларини кўрмоқда. Бундан ташқари, Райдер Россия ўқ-дорилар сотиб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган мамлакатлар орасида Эронни ҳам қайд этган.
Райдернинг сўзларига кўра, Вашингтонда мавжуд бўлган маълумотлар Россиянинг Украинадаги оғир аҳволидан дарак беради. Хусусан, гап таъминот муаммолари ҳақида кетмоқда, дея тушунтирган Пентагон вакили.
Аввалроқ “The New York Times” газетаси АҚШ разведкаси маълумотларига асосланиб, Россия санкциялар сабаб КХДРдан ракета ва снарядлар сотиб олаётгани ҳақида ёзганди. Ўз навбатида, Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Россия Шимолий Кореядан қурол сотиб олаётгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, уларни сохта деб атади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси