Ниҳоят бизни эшитишди – Зеленский ниятига етгани учун шерикларига миннатдорлик билдирди

Олам

image

Президент Владимир Зеленский хорижий ҳамкорларга Украина сўраган қурол-яроғ етказиб берилгани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда у кеча, 22 апрель куни кечки видеомурожаатида айтди.

Президент ҳарбийларни барча зарур қурол-яроғлар билан таъминлашга ҳар куни максимал даражада эътибор қаратилаётганини таъкидлаган. У бу давлат олдидаги биринчи рақамли вазифа эканини қўшимча қилган.

“Ва ниҳоят бизни эшитган барча ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман. Айнан биз сўраган нарсамизни бердилар. Чунки биз бу қуроллар ёрдамида минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишимизни аниқ биламиз. Ва биз босқинчиларга улар Украинани тарк этишга мажбур бўладиган кун яқинлашаётганин кўрсата оламиз”, деган Президент.

Унинг қайд этишича, мамлакат Қуролли кучлари россиялик босқинчиларнинг Украина шарқи ва жанубидаги ҳужумларини тўхтатишда давом этмоқда. 

“Изюм йўналиши, Донбасс, Азов вилояти, Мариуполь, Херсон вилояти - бу уруш тақдири ва давлатимиз келажаги ҳал қилинадиган жойлар”, деган Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, Славянск, Краматорск, умуман Донецк вилояти, Попасна ва умуман Луганск вилояти, Харьков, унинг атрофидаги ҳудудларда босқинчилар “асл мақсадни амалга оширишга – имкон борича кўпроқ одамни ўлдиришга ва кўрган нарсасини йўқ қилишга уринмоқда”.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

200

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг