Назарбоев халққа мурожаат қилди
Олам
−
08 Январь 2022
48126Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев халқни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев атрофида бирлашишга чақиради. Бу ҳақда унинг Матбуот котиби Айдос Укибай маълум қилди.
“Элбоши барчани ҳозирги қийинчиликларни енгиб ўтиш ва мамлакатимиз яхлитлигини таъминлаш учун Қозоғистон Президенти атрофида бирлашишга чақиради”, дейди Матбуот котиби.
Айдос Укибайга кўра, Нурсултон Назарбоев Қозоғистонга дўст бўлган давлатларнинг раҳбарлари билан бир неча бор телефон орқали мулоқот ўтказган. Аммо бу қайси мамлакатлар эканига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг собиқ саройига ўт қўйилган, ҳайкаллари қўпорилган. У Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ҳам вориси Тўқаевга топширган.
Сўнгги маълумотларга кўра, у айни вақтда Нур-Султонда бўлиб турибди. Унинг оила аъзолари билан мамлакатни тарк этгани ҳақидаги гаплар тасдиғини топмади.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь