НАТО Украина масаласида фавқулодда саммит ўтказмоқда

Олам

image

Эртага, 24 март куни Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг Украинадаги вазият бўйича фавқулодда саммити бўлиб ўтади. Украина Президенти Владимир Зеленский саммитда видеоформатда қатнашади. 

Зеленский саммитда НАТО аъзоларини Украина узра парвозлар тақиқланган ҳудуд яратиш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақиради. Лидерлар Россия-Украина уруши ва Россия армияси Украинага бостириб кирганидан кейин содир бўлган воқеаларни муҳокама қилади. 

“Биз Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатларини, Украинани қатъий қўллаб-қувватлашимизни муҳокама қиламиз”, деган НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг. 

Шимолий Атлантика альянси вакилининг сўзларига кўра, саммитда Зеленский сўзлайдиган нутқ альянс етакчиларида бевосита Украинадаги вазият ҳақида эшитиш имкониятини пайдо қилади. 

Қайд этилишича, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан альянс аъзоларидан бирининг илтимосига кўра, эҳтимолий киберҳужумга НАТО томонидан жамоавий жавоб берилиши мумкинлигини тан олган. 

“Ўтган йилнинг июнь ойида НАТО етакчилари саммитга йиғилганда биз [Вашингтон Коллектив мудофаа шартномасининг] 5-моддасини киберҳужумлар билан боғловчи баёнот тақдим этган эдик. Биз бунда бир [НАТО] иттифоқчиси киберҳужумга жамоавий альянсни жавоб беришга чақириши мумкин бўлган вазиятларни кўришимиз мумкин. Бу ҳарбий жавоб билан бир хил бўлиши шарт эмас. Бундай жавоб турли шаклларда бўлиши мумкин. Лекин биз НАТО ҳужжатларида киберхавфсизлик альянс масаласи эканлигини, НАТО барқарорликни ошириш, мудофаани кучайтириш ва биргаликда кучларни бирлаштиришга тайёр бўлган муаммо эканлигини аниқ кўрсатиб бердик”, деган Салливан. 

Аввалроқ, Зеленский Брюсселда учрашадиган G7 давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) етакчиларига видеоалоқа орқали мурожаат қилиши ҳақида хабар бергандик. 

Маълумот ўрнида, Германия канцлери Олаф Шольц G7 мамлакатлари раҳбарларини 24 март куни бўлиб ўтадиган НАТО ва Европа кенгаши саммитлари доирасида Брюсселда учрашишга таклиф қилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг