Москвадаги терактга алоқадор яна бир тожикистонлик ҳибсга олинди
Олам
−
27 Апрель
12426Аввалроқ, Москва вилоятидаги “Крокус” концерт залида содир бўлган теракт ишига алоқадор 2003 йилда Тожикистоннинг Парҳор шаҳрида туғилган Жумахон Бегижонович Қурбонов қўлга олинганди. Москванинг Басманний суди уни 22 майгача ҳибсга олди. Бу ҳақда бугун, 27 апрель куни суд матбуот хизмати хабар берди.
Тергов 21 ёшли Жумахон Қурбоновни теракт уюштирган шахсларни тўловлар ва алоқа воситаларини тўлаш учун пул билан таъминлаганликда гумон қилмоқда. РИА Новости судга таяниб, Қурбонов Россияда норасмий ишлагани ва Тожикистонда рўйхатга олинганини ёзди. Москвада у ётоқхонада яшаган.
Маълум қилинишича, Жумахон Қурбонов 11 апрель куни қўлга олинган. Дастлаб у майда безорилик бўйича маъмурий модда билан 15 суткага ҳибсга олинган.
22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл”нинг концерт залида бир гуруҳ қуролланган шахслар отишма бошлаган, кейин эса ўт қўйган. ИШИДнинг "Вилоят Хуросон" номли ячейкаси ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Россия расмийлари теракт ортида Украина турганини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни тўрт нафар асосий гумонланувчи (Далержон Мирзоев, Рачабализод Саидакрами Муродали, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов)ни 22 майга қадар қамоқда сақлаш ҳақида суд қарори чиққанди. Кейинчалик Диловар ва Аминхон Исломовлар ҳамда уларнинг отаси Исроил Исломов 25 март куни, терактдан уч кун ўтиб ҳибсга олинган эди. Терговчиларнинг айтишича, Исломовлар дастлаб қўлга олинган 4 нафар гумонланувчига машина ва уй-жой билан ёрдам берган. Кейинчалик теракт иштирокчиларига квартирани ижарага берганликда айбланаётган Қирғизистонда туғилган Россия фуқароси Алишер Қосимов ҳам ҳибсга олинди. Апрель ойи бошида Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Москва, Екатеринбург ва Омск шаҳарларида “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқадорликда гумон қилинган яна уч нафар шахсни қўлга олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь