Москва Киевни “ядровий терроризмда” айблади
Олам
−
11 Август 2022
5749Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм актидир ва Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 11 август куни бўлиб ўтган брифингда Россия ТИВ Ахборот ва матбуот департаменти директори ўринбосари Иван Нечаев маълум қилди.
“Сўнгги кунларда Украина бўлинмалари Запорожье атом электр станцияси ҳудудини бир неча бор ўққа тутди, бу ядровий террорчилик актидир. Киев режимининг бундай ҳаракатлари Чернобиль АЭСдаги авариядан анча ошиб кетадиган фалокатга олиб келиши мумкин”, дейди у.
Таъкидланишича, радиацион зарар зонаси нафақат Украина, Россия, Донецк ва Луганскнинг яқин ҳудудларига, балки Европа мамлакатлари ҳудудига ҳам таъсир қилиши ва миллионлаб одамларнинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин
Унинг эслатишича, 11 август куни Россия Федерацияси ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг ушбу масала бўйича йиғилиши бўлиб ўтади.
“Биз халқаро ҳамжамият ва тегишли халқаро тузилмалар юзага келаётган ҳалокатли вазиятга тегишли даражада эътибор қаратишини кутамиз. Биз БМТ Котибияти Хавфсизлик департаменти қарори билан июнь ойида тўхтатилган Запорожье АЭСда Халқаро атом энергияси агентлиги миссиясини ташкил этишни қўллаб-қувватлаймиз”, дея хулоса қилди дипломат.
Маълумот учун, Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.
Аввалроқ, УНИАН нашри 5 август куни рус босқинчилари Запорожье АЭСига тўрт марта ўқ узгани ҳақида маълумот берган эди. Шунингдек, Запорожье атом электр станцияси босқинчилар томонидан ўққа тутилганидан сўнг, Украина Президенти Владимир Зеленский давлатларни бутун Россия атом саноатига нисбатан қаттиқ санкциялар жорий этишга чақирган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси