Мирзиёевнинг сафари, “Artel”даги муаммолар, Президентларнинг чегарадаги учрашуви ва бошқа хабарлар

Жамият

Якунига етаётган 26 июлнинг энг муҳим воқеаларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Шавкат Мирзиёев Самарқандга сафар қилди

Давлат раҳбари сафари аввалида Самарқанд халқаро аэропортини реконструкция қилиш ва янги терминал қуриш бўйича кўрсатмалар берди. Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Президент Оқдарё туманида фермерлар билан учрашиб, ҳудудда кластерлар ва томчилатиб суғориш тизимини ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Мирзиёев Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида қурилиши режалаштирилган туристик марказ лойиҳаси билан танишди.

Вилоятга ташрифи якунида давлат раҳбари Самарқанд туманида вилоят фаоллари, секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар билан учрашди. Сўнг пойтахт Тошкентга қайтди.

Энди ойлик ҳақида маълумотни онлайн олиш мумкин

Фуқароларга уй ёки иш компьютеридан узоқлашмасдан бир неча сония ичида ўз иш ҳақи тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилди.

Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, эндиликда my.gov.uz портали ёрдамида бунинг иложи бор.

Президент миннатдорлик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таваллуд куни муносабати билан табрик йўллаган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар раҳбарларига миннатдорлик билдирди.

Видео: боксчи рингда ҳушидан кетиб, вафот этди

Кеча, 25 июль куни аргентиналик боксчи Уго Альфредо Сантильян жангдан кейин вафот этди. Спортчи 20 июль куни уругвайлик Эдуардо Хавьера Абреуга қарши рингга чиққан. Маълмотларга кўра, жангнинг ўртасида боксчининг бурнидан қон оқа бошлаган, бироқ у жангни давом эттирган. Жанг дуранг билан тугаган, якунда Сантильян ҳушини йўқотган ва шифохонага олиб борилган.

Президентлар чегарада учрашди

Бугун, 26 июль куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков икки давлат чегараси кесишган жойда учрашди. Улар Қирғизистон-Тожикистон чегара ҳудудида яшовчи аҳоли вакиллари, қишлоқ оқсоқоллари билан учрашди.

Украина қўлга олган танкердаги денгизчиларни қўйиб юборди

Украина томони қўлга олинган танкердаги денгизчиларни қўйиб юборди. Бу ҳақда Украинадаги Россия элчихонаси маълум қилди. Кеманинг ўзи ҳамон Измаил портида қоляпти. Маълумотларга кўра, денгизчилар сўроқда қатнашиш мажбурияти билан қўйиб юборилган. Улар терговда гувоҳ сифатида иштирок этади. Денгизчиларга нибатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган.

Тошкентда йўқолган қиз топилди

Аввалроқ, Тошкентда 19 ёшли қиз йўқолиб қолгани ҳақида хабар берган эдик. Қиз онаси билан жанжаллашиб, уйдан чиқиб кетганича қайтмаганди.

Бедарак кетгани айтилган Зулхумор Холмуродовна Нарзуллаева топилди ва соғ-саломат. У ҳозирда онаси билан бирга. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.

АҚШда ўлим жазоси тикланди

АҚШ Федерал ҳукумати 16 йиллик танаффусдан кейин ўлим жазосини давлат даражасида тиклашга қарор қилди. Мазкур қарор ҳақида АҚШ Бош прокурори Уильям Барр Қамоқхоналар федерал бошқармаси раҳбари Хью Гурвицни огоҳлантирган. Ўлим жазоси беш кишига нисбатан қўлланади.

Ой қолиб қуёшни ҳам этак билан ёпаётганлар ёки сув келтирган хор-у, кўза синдирган азизми?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Абдурашид Абдуқодиров, Акмал Умирзаков мамлакатда тобора авж олаётган “снос” масаласига бағишланган ҳаммуаллифликдаги мақоласини эълон қилди. Парламентарийлар Ҳукуматдан “снос”лар ортидан чиқаётган норозиликлар бўйича депутатлар ва жамоатчиликка асослантирилган тушунтириш беришини сўради.

Телеканаллар энергетик ичимликлар рекламаси бўйича огоҳлантирилди

Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 22-1 моддасига мувофиқ, энергетик ичимликлар рекламасида бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси эслатиб ўтди.

Чорвоқда икки йигит чўкиб кетди

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборида икки йигит қайиқдан йиқилиб, чўкиб кетди. Воқеа жорий йилнинг 24 июль куни соат 14:00 атрофида содир бўлгани айтилмоқда. QALAMPIR.UZ ҳодисага алоқадор айрим маълумотларни ва йигитларнинг шахсини аниқлади.

Сувга чўккани гумон қилинаётган йигитлардан бири 1995 йилда туғилган Дилшод Рихсибоев, иккинчиси 1996 йилда туғилган Анвар Илҳомов бўлган.

“Artel” “Made in Uzbekistan” номига доғ туширяптими?

“Баъзи компанияларнинг ишлаб чиқараётган товарлари сифат талабларига жавоб бермаслиги натижасида “Made in Uzbekistan” номига доғ туширмоқда”, деб қатъий ёзмоқда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси Гулноза Шарофова. У ўз мақоласида “Artel” компаниясининг музлатгичлари ва совиткичлари юзасидан шикоятлар кўплигини очиқлаган. 

Тошкентда аянчли ЙТҲ: 1 қурбон, 6 жабрланувчи бор

Бугун, 26 июль куни пойтах Тошкент шаҳрида юз берган аянчли йўл-транспорт ҳодисасида бир киши ҳалок бўлди ва олти киши турли даражада жароҳат олди.

ЙТҲ соат 07:20 да Сергели тумани Биродарлик кўчасида содир бўлган. Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси 55 ёшли Александр З. 33 ёшли Камал Н. бошқарувидаги Nexia русумли автомобиль билан тўқнашган.

“Бўйнингни узаман”: Президентнинг ўғли вилоятни қандай бошқаряпти?

“Туркманистон йилномаси” кичик Бердимуҳамедов вилоятга раҳбарлик қилишни бошлаганидан бери маъмуриятда қатор ўзгаришлар бўлгани ҳақида маълумот берди.

Ахал вилояти маъмурий маркази Аннау шаҳри Ашхободдан тахминан 8 км узоқликда жойлашган. Сардор Бердимуҳамедов ишга Президент кортежидан намуна олган ҳолда ойналари “тонировка” қилинган автомобиль ва қўриқчилар ҳамроҳлигида келиб-кетади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг