“Artel” “Made in Uzbekistan” номига доғ туширяптими?
Жамият
−
26 Июль 2019
12970“Баъзи компанияларнинг ишлаб чиқараётган товарлари сифат талабларига жавоб бермаслиги натижасида “Made in Uzbekistan” номига доғ туширмоқда”, деб қатъий ёзмоқда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси Гулноза Шарофова. У ўз мақоласида “Artel” компаниясининг музлатгичлари ва совиткичлари юзасидан шикоятлар кўплигини очиқлаган. Шарофова шундай ёзади:
“Ёзнинг жазирама кунларида инсонларнинг музлатгич, ҳаво совитгич каби маҳсулотларга эҳтиёжи ортади. Шу боисми Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушаётган мурожаатлар ичида айнан музлатгич ва кондиционерларни сотиб олиб, сўнгра унинг сифатсизлигидан норози бўлаётганлар сони ошиб кетган.
Айниқса, “Artel” компанияси ишлаб чиқараётган маҳсулотлар юзасидан кўплаб норозиликларни кузатмоқдамиз. Қуйида сизга ушбу мурожаатлардан баъзиларини ҳавола этамиз.
Фарғоналик Д.Сарибоева “Моҳигул юксалиш савдо” дўконидан 2 млн 100 минг сўмга музлатгич сотиб олади, уни ишлатиш жараёнида яхши ишламаганлиги сабабли савдо дўкони масъулига қўнғироқ қилади.
Масъул ходим “Artel” русумли музлатгич бўлганлиги сабабли мазкур компаниянинг Фарғона шаҳридаги сервис марказига ёзма равишда мурожаат қилишларини айтади.
Сервис хизматдан мутахассис келиб, тузатиб кетгандан сўнг ҳам музлатгич яхши ишламайди. Бундан жаҳли чиққан Д.Сарибаев Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилади.
Федерация ходимлари дўкон маъмурияти ва сервис хизмати ходимларига тушунтириш ишлари олиб бориб, ишга қонуний ёндашганларидан сўнг сервис маркази мутахассислар томонидан ўтказилган қайта ўрганиш жараёнида музлатгичда бартараф қилиш имконияти мавжуд бўлган нуқсон аниқланиб, кафолат муддати ичида бепул таъмирлаб берилди.
Истеъмолчи таъмирдан сўнг музлатгични талаб даражасида, муаммосиз ишлаётганлигини маълум қилди.
Ангренлик Ботирбек Қамбаров “Навоий” кўчасидаги дўконларнинг биридан “Artel” музлатгичини 2.360 000 сўмга харид қилиб олган.
Оз фурсатда музлатгич носозлиги маълум бўлган. Бундан норози бўлиб, дўконга мурожаат қилганида, тузатиш учун сервис хизматларга боғланишларини билдириб, муаммони ўзларидан соқит қилган.
Ушбу масалага ечимини топиш мақсадида сарсон- саргардон бўлгач, Ботирбек Қамбаров Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига келиб, муаммосини айтади.
Ушбу ҳолат федерация ходимлари томонидан ўрганилди. Ҳолат аниқлангач, уч кундан сўнг мутасаддилар истеъмолчи билан “Навоий” кўчасидаги дўконга келиб, ишдан чиққан музлатгичнинг ўрнига худди шу русумдаги янги музлатгични текшириб, алмаштириб беришди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига кореялик фуқаро жаноб К.Хан мурожаат қилган. У жорий йил 21 июнь кунида Фарғона шаҳридаги супермаркетларнинг биридан 2 дона “Artel” кондиционерини умумий 5 млн 642 минг сўмга сотиб олган. Лекин кондиционерни ўрнатгач, эртаси куни улардан бирида муаммолар кузатилган.
К.Хан сотиб олинган маҳсулот ҳавони яхши совитмаётганлиги юзасидан сервис маркази ходимларига маълум қилган. Марказ усталари эса муаммони бартараф эта олмаган. Шундан сўнг савдо дўконига бориб нуқсонли кондиционерни сифатлисига алмаштириб беришларини ёки пулини қайтаришларини сўраган, лекин мурожаати ижобий ҳал бўлмаганлигидан норози бўлган.
Федерация ходимларининг аралашуви натижасида, истеъмолчининг истагига кўра, нуқсонли товар қайтариб олиниб, худди шу маркадаги сифатлисига алмаштириб берилган.
“Миллий маҳсулот – миллий ғурур” дея аталгач, миллий бренд миллатнинг фаровон ҳаётига хизмат қилиши лозим эмасми?!”
LiveБарчаси