Медведев АҚШнинг Украинага $40 млрд беришдан асл мақсади нима эканини айтди

Олам

image
0:00
0:00
download

Қўшма Штатлар Россиянинг иқтисодий ривожланишини ва унинг дунёдаги сиёсий таъсирини чеклай олмайди, “уларнинг босмахонаси тезроқ бузилади”. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирган.

Сиёсатчининг аниқлик киритишича, аввалроқ Вашингтон Киевга 40 миллиард долларлик ёрдам пакети ажратишни маъқуллаган. Медведев бундан асл мақсад “Россияга қарши прокси урушни давом эттириш”, шунингдек, Москвани оғир мағлубиятга учратиш, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва дунёдаги сиёсий таъсирини чегаралаш деб атаган.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари бу “иш бермаслигини” таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ “аллақачон ошириб юборилган” давлат қарзини янада кўпайтириш сабаб “уларнинг босмахонаси тезроқ бузилади”. Сиёсатчи, шунингдек, АҚШда бензин ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошганини эслатган, бунинг учун, унинг сўзларига кўра, америкаликлар “русофоб ҳокимият”га миннатдорлик билдиришлари керак.

“Аммо [Россия Федерациясининг “махсус операцияси” мақсадларига эришилади”, дея хулоса қилган Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.

Байден аввалроқ АҚШ Конгрессига Украинага ёрдам учун қўшимча маблағ ажратиш сўровини юборган эди. Айни пайтда Америка раҳбари дастлаб 33 миллиард доллар сўраган. Кейинроқ Конгрессда бу миқдор қарийб 40 миллиард долларга етказилган.Хусусан, ҳарбий техника, озиқ-овқат ёрдами учун бундан ҳам кўпроқ маблағ ажратиш таклиф қилинган.

Кеча, 10 май куни АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси эса Украинага қарийб 40 миллиард доллар миқдорида қўшимча ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг