Махсус хизматлар Байденга Россияга “ҳужум” уюштиришни таклиф қилди
Олам
−
26 Февраль 2022
25706АҚШ разведка хизматлари Президент Жо Байденга “Россияга қарши ҳужум уюштириш, жумладан, Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётларини давом эттириш қобилиятига путур етказиш учун Россияда интернет алоқасини узиш, электр энергиясини узиш ва темир йўлларни беқарорлаштириш” вариантларини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда NBC телеканали хабар бермоқда.
АҚШ разведкасининг икки ходими, бир Ғарб разведкаси ва бу борада маълумот берган бошқа бир ходим ҳали якуний қарорлар қабул қилинмаганини, бироқ Байденга таклиф қилинган вариантлар етарли эканлигини айтишган.
“Сиз, масалан, поездларни секинлаштиришдан тортиб, уларни рельсдан чиқаришгача бўлган ҳамма нарсани қилишингиз мумкин”, деган манба.
Шунингдек, Америка разведка идоралари Россия ресурсларига “кенг миқёсли киберҳужум” вариантини алоҳида кўриб чиқмоқда.
“Кўриб чиқилаётган потенциал киберҳужумларнинг аксарияти ҳалокатга эмас, бузишга қаратилган ва шунинг учун Қўшма Штатларнинг Россияга қарши уруш ҳаракати деб баҳоланмайди. Ғоя одамларга эмас, тармоқларга зарар етказишдир”, деди манба.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси