Лукашенко Украина билан чегарада қўмондонлик тузяпти

Олам

image

Беларусь фуқароси Александр Лукашенко мамлакатнинг жанубий йўналишида янги оператив қўмондонлик ташкил этилишини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Афсуски, янги йўналиш очилди, биз айтаётгандек, янги фронт. Бунга эътибор бермай бўлмайди. Биз бу ҳақда биринчи тахмин қилгандик, кейин Мудофаа вазири яна бир тезкор қўмондонлик очишни таклиф қилди. Мамлакатимизнинг жанубий йўналишида. Бу таклиф ўтган йили берилганди. Вақт бизни шу қадар тез ҳаракат қилишга ундадики, биз зудлик билан ушбу оператив йўналишни яратишимиз керак. Ғарбий, шимолий-ғарбий билан бир қаторда жанубий қанот ҳам бўлади”, дейди Лукашенко Мудофаа вазирлигидаги йиғилишда. 

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда ҳам Беларусь ҳарбийлари жанубий чегараларни ҳимоя қилиш режаларини йўл-йўлакай ҳам ишлаб чиқишга мажбур. Ҳозир Қуролли кучларнинг ротацияси давом этмоқда – масалан, Беларусь жанубига тактик гуруҳлар баталонлари ва бошқа бўлинмалар юбориляпти.

“Биз бу ротацияни амалга оширишимиз керак, бу менинг қатъий талабим ва бу борада бизнинг армиямиз ишлайди. Бу уруш даври шароитлари, аммо ҳозирча урушсиз”, дейди Лукашенко.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг