Кремль Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ айбловларга жавоб қайтарди
Олам
−
25 Август 2020
10891Блогер Алексей Навальнийнинг заҳарланишида расмий Москванинг қўли борлиги тўғрисидаги фикрлар нотўғри. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков мухолиф сиёсатчи Навальнийнинг заҳарланишида Кремлнинг қўли борлиги ҳақидаги таналарга шундай жавоб қайтарди.
Россия Ҳукумати Алексей Навальний билан юз берган ҳолат бўйича тергов бошлашга шошмаяпти. Улар ҳатто заҳараш бўлганини ҳам тан олмаяпти. Песковнинг сўзларига кўра, бунинг учун асос керак, камида нима билан заҳарланганини аниқлаш керак бўлади.
“Аввал моддани топиш керак, бунга нима сабаб бўлганини аниқлаш зарур. Аниқроғи текширув учун асос бўлиши керак. Ҳозирча биз сиз билан бемор комада эканини айтяпмиз... Агар модда аниқланса, агар бу заҳарлаш бўлса, ўшанда албатта, тергов учун асос бўлади”, деган Песков.
Кремль ҳозирда Навальнийни заҳарланган эмас, шунчаки, комада деб айтиш тўғри бўлади деб ҳисоблаяпти. Песков Навальнийнинг заҳарлангани ҳақидаги хабарларни “бўш гап” деб атаган. У шунингдек, ҳолатга дарров заҳарлаб деб қараётганларни танқид қилди.
Кремль вакили немис ва рус шифокорларининг Навальнийга қўллаётган усули бир эканини, аммо якуний хулоса фарқли бўлаётганини таъкидлаб ўтди.
Аввалроқ, Европа Иттифоқи ҳозирда Берлиндаги Charite клиникасида даволанаётган Алексей Навальний билан юз берган ҳолат юзасидан Россияни жиддий текширув ўтказишга чақирганди. Хусусан, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва сиёсат хавфсизлиги бўйича олий комиссари Жозеп Боррель шундай чақириқ билан чиққанди.
Германия канцлери Ангела Меркель ва ГФР Ташқи ишлар вазири Хайко Маас ҳам синчковлик билан суриштирув ўтказиш чақириғи билан чиққанди.
Маълумот учун, Алексей Навальний 20 августдан бери комада қоляпти. У Томскдан Москвага учаётганда тоби қочганди. Унинг сафдошлари сиёсатчи заҳарланганини тахмин қиляпти.
У икки сутка Омскдаги шифохонада қолиб кетди. Шундан сўнг, шифокорлар уни Берлинга кўчиришга рухсат берди. Навальнийнинг тарафдорлари шифокорларнинг бундай ҳаракатини организмдаги заҳарлаш изларини йўқотиш учун вақтдан ютиш деб баҳолади.
Берлинга олиб келингач, немис шифокорлари таҳлиллар ўтказиб, Навальний заҳарланганини маълум қилди.
LiveБарчаси