Киев остонасида Россиянинг учта учоғи уриб туширилди

Олам

image

Бугун, 25 февраль куни тунда Украинанинг Белая Церковь шаҳрида (Киев вилояти) катта эҳтимол билан Россия десантчиларини олиб кетаётган Ил-76 ҳарбий-йўловчи самолёти уриб туширилди. Бу ҳақда УНИАН Украина Махсус алоқа ва ахборотни ҳимоя қилиш давлат хизматига таяниб, хабар берди.

“Тезкор маълумот. Ил-76 Белая Церковь осмонида уриб туширилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Киев остонасида Россиянинг жанговар Су-25 самолёти ва ҳарбий вертолёти ҳам уриб туширилгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, Киевдаги Троещина массивида 60 нафар диверсант қўлга олинган. Бугун соат 2:00 дан кейин у ерда кучли портлаш юз берган. Кейин яна бир қатор портлашлар содир бўлган.

Аввалроқ пойтахт Киевда Россиянинг разведкачи-десантчилари билан отишмалар бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

208

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг