Киев урушга Суриядан ИШИД террорчиларини ёллаяпти – Россия ТИВ
Олам
−
15 Март 2022
13914Киев режими Ғарб кўмагида ИШИД ва Яқин Шарқдаги бошқа террористик ташкилотлардан ўйламасдан одам ўлдиришга тайёр бўлган жангариларни ёлламоқда. Улар буни “руслардан” ўч олиш мақсадида қилмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олег Сиромолотов маълум қилди.
“Яқин Шарқда, биринчи навбатда, Сурияда ўз қобилиятини кўрсатган террорчи ёлланма аскарларнинг ғарблик кураторлари ва ҳомийлари кўмагида Киев режими томонидан фаол ёллангани янги ҳодиса бўлди. У ерда улар россиялик ҳарбийлар билан тўқнаш келган. Ҳозир эса маънавий хорланган бу ИШИДчилар, нусровчилар (Россия Федерациясида тақиқланган “Жабҳат ан-Нусра” гуруҳи аъзолари) ва бошқалар “руслар”ни ўлдириш орқали кўрилган мағлубият учун қасос олиш иштиёқида ёнмоқда”, деб таъкидлаган вазир ўринбосари.
Унинг айтишича, жангарилар руслар ва украинларни ажратмайди. Қўшимча қилинишича, Киев режими Яқин Шарқдан келган ёлланма аскарларга Россияга қарши ҳаракатлари учун ўн баробар тўлов ваъда қилмоқда.
“Украинага шафқатсиз ва кўр-кўрона қотиллик қуроллари олиб келинмоқда, улар “рус” қонига чанқоқ бўлиб, уларнинг хизматларига “ўртача маошларидан” ўн баравар юқори бўлган ставкаларда тўланиши ваъда қилинган”, дея таъкидлаган у.
Сиромолотовга кўра, Украина миллатчи батальонларида Ғарб ёлланма аскарлари борлиги ҳам яхши маълум.
“Уларнинг аксарияти Украинада Россия махсус операцияси бошланишидан анча олдин пайдо бўлган ва Донбасс аҳолисига қарши кўплаб жиноятларга ўзларининг қонли ҳиссаларини қўшишга муваффақ бўлган”, деган
Сиромолотов.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин урушга Яқин Шарқдан кўнгиллилар олиб келишга рухсат берганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь