Киев бир суткада Россиянинг қанча техникасини йўқ қилганини очиқлади

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия қўшинлари Донецк, Луганск ва Херсон вилоятлари ҳудуди устидан тўлиқ назоратни таъминлаш ҳамда ноқонуний равишда аннексия қилинган Қрим билан қуруқлик йўлагини ушлаб туриш мақсадида Украинанинг шарқи ва жанубида ҳужум амалиётларини тўхтатмаяпти. Бу ҳақда бугун, 13 май куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби хабар берди. 

Киевдан олинган маълумотларга кўра, Россия қўмондонлиги Украинанинг Чернигов вилоятидаги чегарадош аҳоли пунктларини ўққа тутишни кучайтириш мақсадида Россия Федерациясининг Брянск вилояти чегара ҳудудларига қўшимча артиллерия бўлинмаларини жойлаштирмоқда. 

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, биргина Донецк ва Луганск вилоятларида бир суткада рус қўшинларининг 18 та ҳужуми қайтарилган, 13 та танк, 27 та зирҳли техника, саккизта артиллерия тизими, икки бирлик махсус муҳандислик техникаси ва бешта машина йўқ қилинган.

Россия қўшинлари асосий кучларини Рубежное аҳоли пункти устидан тўлиқ назорат ўрнатишга қаратмоқда. 

Мариуполда Украина ҳарбийлари ҳар томонлама мудофаа қилаётган Азовсталь заводи ҳудудига артиллерия ва ҳаво зарбалари берилди. 

Аввалги кун давомида Украина қўшинлари бешта Орлан-10 учувчисиз самолёти, Ка-52 вертолёти ва қанотли ракетани уриб туширган. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг