Ким Чен Ин Путинни КХДРга таклиф қилди
Олам
−
14 Сентябрь 2023
2289Россия Президенти Владимир Путин Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг “қулай вақтда” КХДРга ташриф буюриш таклифини қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 14 сентябрь куни Корея давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 13 сентябрь куни Ким Чен Ин Россия Президенти билан расмий тушлик пайтида уни Шимолий Кореяга ташриф буюришга таклиф қилган. Бунгача улар “Восточний” космодромини кўздан кечириш чоғида мулоқот қилган, шундан сўнг, аввалига делегациялар иштирокида, сўнгра юзма-юз музокаралар ўтказган.
“Путин таклифни мамнуният билан қабул қилди ҳамда Россия ва КХДР ўртасидаги дўстлик тарихи ва анъаналарини сўзсиз давом эттириш истагидалигини билдирди”, дейилади хабарда.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса Россия Президентининг Пхеньянга эҳтимолий жавоб ташрифи ҳақидаги ҳозирча режалари йўқлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ким Чен Ин Пхеньяндан жўнаб, Россияга махсус поездда йўл олганди. Кеча, 12 сентябрь куни Россияга келган Ким Чен Ин Табиат вазири Александр Козлов ва Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко билан музокара ўтказди. Бугун, 13 сентябрда Шимолий Корея етакчиси Президент Путин билан “Восточний” космодромида учрашди. Улар қисқа суҳбатдан сўнг космодромдаги объектларни кўздан кечирди. Кейин эса давлат раҳбарлари бошчилигидаги делегацияларнинг музокаралари бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Ким Чен Ин шарафига расмий тушлик уюштирилди.