Ким Чен Ин юқори мартабали ҳарбийлар билан Россияга келди
Олам
−
12 Сентябрь 2023
16320Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири Чой Сонг Хуи ва мамлакат ҳарбий раҳбариятининг бир неча юқори мартабали ходимлари КХДР етакчиси Ким Чен Инга Россияга сафари чоғида ҳамроҳлик қилмоқда. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ким Чен Ин билан бирга Пхеньяндан жўнаб, Россияга йўл олган махсус поездга, хусусан, Меҳнат партияси Марказий ҳарбий қўмитаси раиси ўринбосари Ли Бён Чхоль ва партия марказий қўмитасининг ҳарбий маъмурият бўлими раҳбари Пак Чон Чхон ўтирган. Бироқ делегация таркиби расман ошкор этилмаган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилигидаги делегациялар ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши, бундан ташқари, яккама-якка мулоқот, шунингдек, Ким Чен Ин шарафига Путин номидан расмий кечки зиёфат берилиши кутилаётганини айтган.
Президент матбуот котибининг сўзларига кўра, мулоқотда минтақадаги вазият юзасидан кенг фикр алмашилади, томонлар икки томонлама муносабатларни ҳам муҳокама қилади.
“Бироқ матбуот анжуманлари режалаштирилмаган”, дея хулоса қилган Песков.
РИА Новостининг ёзишича, Шимолий Корея етакчиси ўтирган поезд Приморск ўлкасига етиб келган. Поезд шу ердаги Раздольная дарёси кўпригидан ўтиб, шимолга йўл олган.
LiveБарчаси